Спикер: Қонунларимиз яширин иқтисодиётга йўл бермайдиган бўлиши лозим

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор муҳим масалалар, бир қатор қонун лойиҳалари кун тартибига қўйилган.
Мажлисни кириш сўзи билан очган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов Президент раислигида ўтказилган жорий йилда иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳукумат олдидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ҳақида тўхталиб ўтди:
— Куни кеча бўлган йиғилишда мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига бағишланган ишлар чуқур таҳлил қилинди. Танқидий руҳда ўтган йиғилишда муҳим масалалар кўтарилди. Яширин иқтисодиётга алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари яширин иқтисодиёт адолатли рақобат ва ҳалол тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўлаётганини айтиб ўтди. Бу борада ҳозирда яширин иқтисодиёт ва иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш билан 14 та орган тарқоқ ҳолда шуғулланаётгани, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирадиган яхлит иш тизими йўқлиги айтилди. Шу мақсадда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолияти кучайтириладиган бўлди. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига энг замонавий ахборот тизимлари, махсус воситалар олиб берилиши, иқтисодий соҳалар ва чет тилларни мукаммал биладиган, фидойи ва ватанпарвар мутахассислар танлаб олиниши таъкидланди.
Палатамизнинг Кенгаш йиғилишида бу борада олдимизда турган вазифаларни муҳокама қилиб олдик. Қонунларимиз яширин иқтисодиётга йўл бермайдиган, унинг олдини оладиган, профилактик чоралар кўрадиган бўлиши керак. Ҳар бир қўмита ўз йўналишидан келиб чиқиб, мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини назорат-таҳлил тартибида ўрганишлари, ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш чораларини кўриши лозим. Шунингдек, депутатларимиз жойлардаги учрашувларда иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар натижадорлигини ўрганиб боришлари, жамоатчилик ва депутатлик назоратини амалга оширишлари лозим бўлади, — деди Спикер.
Муҳтарама Комилова, ЎзА