Икки кундан сўнг, яъни 19 январь куни Жанубий Кореянинг Канвондо шаҳрида IV қишки ўсмирлар Олимпия ўйинлари бошланади.

Мазкур нуфузли спорт ўйинларида иштирок этадиган 70 дан зиёд давлат спорт делегациялари қатори Ўзбекистон вакиллари ҳам куни кеча Олимпия шаҳарчасига туташ “Jeongseon High 1” ҳудудидаги ўзлари учун бириктирилган манзилга жойлашди.

IV қишки ўсмирлар Олимпия ўйинларининг тоғ чанғиси баҳсларида Ватанимиз шарафини Сабина Режепова ва Рауан Раимқулов мураббийи Сафар Эгамбердиев бошчилигида ҳимоя қилади.

Ўйинлар низомига кўра, IV қишки ўсмирлар Олимпиадасининг тантанали очилиш маросими 19 январь куни ташкил этилади.

Қишки Олимпия ўйинлари дастурига кўра, спортчиларимиз 21 январь куни супергигант дастури билан Олимпиададаги иштирокини бошлайди. Шундан сўнг, 22 январда вакилларимиз супергигант ва слаломдан иборат комбинация мусобақаларида қатнашса, Сабина Режепова (гигант слалом) 23 январь, Рауан Раимқулов (гигант слалом) 24 январь куни қитъа ўйинлари баҳсларида иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз,  IV қишки ўсмирлар Олимпия ўйинлари 2 февралгача давом этади. Мусобақаларда спортчилар 15 та спорт турининг 81 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради.

Т.Рўзиев, ЎзА