Сербиянинг Сомбор шаҳрида аёллар ўртасида бокс бўйича халқаро XIII “Миллатлар кубоги” турнири ўтказилмоқда.
Унда Ўзбекистон миллий аёллар терма жамоаси тажрибали мураббий Элшод Расулов бошчилигида иштирок этмоқда. Турнирнинг биринчи кун дастурида терма жамоамизнинг 3 нафар боксчиси рингда тўла устунликка эришди ва ғалаба қозонишди.
Жумладан вазни -50 кг бўлган Феруза Казакова қозоғистонлик Молдир Тоиковани мағлуб этган бўлса, -52 кг вазн тоифасида Азиза Ёқубова мезбонлар вакиласи Жасмина Нажга ҳеч қандай имкон қолдирмади. -66 кг вазнда эса Навбаҳор Ҳамидова қозоғистонлик Бакит Сеидиш устидан зафар қучди.
Ўзбекистон миллий аёллар терма жамоамиз мураббийларининг ушбу мусобақадан кўзлаган мақсадлари – Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи олдинда турган мусобақаларга янада яхшироқ тайёрланиш ва терма жамоа аъзоларини саралашдир. XIII “Миллатлар кубоги” турнири 22 январь кунига қадар давом этади.
Халқаро турнирнинг бугунги баҳсларида фақатгина бир нафар чарм қўлқоп устамиз иштирок этади. Аниқроғи, вазни 48 килограммгача бўлган Саидахон Раҳмонова словакиялик Николь Дуриковага қарши жанг қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА