Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида Хитой Халқ Республикасининг “Chint electric” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбир давомида бошқарма бошлиғи Казбек Артиков Қорақалпоғистон Республикасида ишлаб чиқариш ва саноат соҳасини ривожлантириш бўйича инвесторлар учун қулай имкониятлар яратилганлигини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг томонлар Қорақалпоғистон Республикасида электротехника ва замонавий ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ҳамкорлик масалалари доирасида фикр алмашди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, “Chint electric” компанияси электротехника воситаларини ишлаб чиқарувчи етакчи компанияларидан биридир. Мазкур компания саноатни автоматлаштириш, электр етказиб бериш ва уларни тақсимлаш ускуналари, иссиқлик электр станциялари учун асбоб-ускуналар, қурилиш бўйича электр жиҳозлари, автомобиль электротехникаси маҳсулотларини ишлаб чиқаради.

Учрашув сўнггида томонлар жорий йилнинг март ойида хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда “Чжэньцзян – Қорақалпоғистон” бизнес форумини ташкиллаштириш бўйича келишиб олди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари