Нукус шаҳридаги Дўстлик маҳалласидаги 1 минг 484 хонадонда жами 4 минг 840 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада фуқароларнинг турмуш шароитини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий муҳофазага қилиш, кам таъминланган оилаларга тегишли ёрдам кўрсатиш, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш каби масалаларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўтган 2023 йилда “Обод маҳалла” Давлат дастури бўйича маҳалладаги ички йўллар асфальт қилиниб, бир нечта кўчага бетон қопламалари ётқизилди. Ичимлик суви тармоғи янгидан тортилиб, хонадонлар интернет тармоғига уланди.

Шунингдек, ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан 160 дан зиёд фуқарога тадбиркорлик билан шуғулланиши учун банкдан имтиёзли кредит ажратилди. Маҳалладаги 90 га яқин хотин-қиз ва 30 нафар ёш “Ишга марҳамат” мономарказида касб-ҳунарга ўқитилди. Кейинчалик эса улар ўз-ўзини банд қилиши учун субсидия маблағи билан таъминланишига кўмаклашилди.

– Маҳалламизда маҳсулот ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларини яхши йўлга қўйган тадбиркорлар талайгина, – дейди ҳоким ёрдамчиси Алима Исоқова. – Ўтган 2023 йилда маҳалла фуқароларидан Наргиза Алламбергенова ёшларга берилган имкониятлардан фойдаланиб, ўғил-қизларни замонавий ахборот технологиялари соҳасига ўқитадиган ўқув муассасасини ташкил этди. Ҳозирда бу ерда 12 нафар фуқаро фаолият юритмоқда.

Сайёра Ережепова раҳбарлигидаги “Азиза Феруз” оилавий корхонасида ҳам ҳудуддаги 10 нафар ишсиз хотин-қизнинг иш билан бандлиги таъминланган. Корхона цехида нон ва қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, аҳоли истеъмоли учун етказиб берилмоқда.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА