Бугун, 16 январь куни стол тенниси бўйича жорий йилнинг энг муҳим мусобақаларидан бири бўлган жамоалар ўртасидаги жаҳон чемпионатига қуръа ташлаш маросими булиб ўтди.
Жорий йилнинг 16-25 февраль кунлари Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида ўтказиладиган жаҳон чемпионати қуръаси натижаларига кўра, Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Хитой, Венгрия, Ҳиндистон ва Испания жамоалари билан биринчи гуруҳдан жой олди.
Айтиш лозим, ҳамюртларимиз жой олган гуруҳда Олимпиада ва жаҳон чемпиони Хитой терма жамоаси ҳамда стол теннисида ўз нуфузига эга бўлган Испания ва Венгрия жамоаларининг борлиги гуруҳ босқичи ҳар жиҳатдан шиддатли ўтишини англатмоқда.
Роппа-роса 1 ойдан сўнг бошланадиган жамоалар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг эркаклар ва аёллар гуруҳларидан жой олган 40 тадан жамоалар совринли ўринлар билан бирга, “Париж-2024” Олимпиадасининг рейтинг очколари учун ҳам кураш олиб боради.
Т.Рўзиев, ЎзА