ИИВ: Криминология тадқиқот институти ташкил этилди

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 15 январдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасини илмий тадқиқ қилиш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Криминология тадқиқот институти ташкил этилди.
Ички ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, институт криминологик фаолиятни илмий ва экспертлик жиҳатдан таъминлашга ихтисослашган, ИИВ ташкилий тузилмасига кирувчи, юридик шахс мақомига эга республика илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
Институт мамлакатимиздаги криминоген вазиятга оид чуқур тадқиқотларни амалга оширади, жиноятчилик тенденцияларини тизимли равишда таҳлил ва прогноз қилади.
Жамоатчилик ўртасида шов-шувга сабаб бўлган жиноятларнинг омилларини аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқишда суриштирув ва дастлабки тергов органларига услубий кўмаклашади.
Криминология соҳаси бўйича мустақил изланувчи шаклида олий малакали илмий кадрларни тайёрлайди.
Институт ўз вазифаларини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ҳамда мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга оширади, унинг фаолиятига тўсқинлик қилиш, тадқиқот ҳисоботидаги маълумотларни ўзгартириши учун таъсир кўрсатиш тақиқланади.
Н.Абдураимова,
ЎзА