Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, спорт таълимини янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида халқаро спорт майдонларида спортчиларимиз қатори мураббий ва ҳакамлар, мутахассислар ҳам салмоқли натижаларга эришмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Спорт курашларининг олимпия турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида эркин, юнон-рум ва аёллар кураши спорт турларидаги тренерлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларни замонавий илмий ютуқлар ва инновацион технологиялардан фойдалана оладиган даражага чиқариш йўналишидаги ҳаракатлар туфайли ўтган йили 148 нафар мутахассиснинг билим даражасини оширишга эришилгани айни ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.

Таъкидлаш лозим, 2023 йил давомида мутахассисларнинг билим даражасини юксалтириш мақсадида умумий ҳисобда 16 та ўқув-машғулотлари ташкил этилган бўлса, шундан 12 таси маҳаллий, 4 таси халқаро миқёсдаги йиғинлар сирасига киради. Бу, 9 нафар ўзбекистонлик спорт курашлари мутахассисининг халқаро тоифадаги ҳакамлик даражасига чиқишини таъминлади.

Айтиш лозим, ушбу мутахассис-ҳакамлар: Ғайратулла Абдуллаев, Хайрулла Абдуллаев, Тўймурод Адизов, Қаҳрамон Ибрагимов, Бахтиёр Собиров, Эшпўлат Ҳидоётов, Бўрибой Хидиров, Руслан Шерманов, Собир Қўзиев 2024 йил мобайнида Ўзбекистон вакили сифатида бутунжаҳон спорт курашлари тизимидаги турнирларни, мусобақаларни, қитъа ва жаҳон чемпионатларининг шиддатли баҳсларини бошқариб боришда иштирок этади. Бу, мамлакатимиз спорт мутахассислари орасида халқаро даражага эришганлар сони ва сифати йилдан йилга ошаётганини кўрсатаётганидан далолатдир.

 

Т. Рўзиев, ЎзА