Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида шахмат бўйича ўтказилаётган «Tata Steel Chess-2024» турнирининг кеча ўтказилган 3-тур ўйинлари бир-биридан қизиқарли натижаларни қайд этганлиги билан ёдда қолди.
Тур давомида ўтган еттита ўйиннинг тўрттасида ютуқлар қайд этилди. Ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов қора доналарда эронлик Парҳам Магсудлу билан куч синашди ва ишончли тарзда ғалабага эришган бўлса, Аниш Гири Александр Донченкони, жаҳон чемпиони Дин Лижен қора доналарда Гукешни таслим этди.
«Tata Steel Chess-2024» турнирининг 3-тур ўйинларининг қолган баҳсларида қўйидаги натижалар қайд этилди: Вармердам – Фирузджа – 0,5–0,5, Вэньцзюнь Цзю – Йорден ван Форест–0 –1, Сантош Гуджрати – Непомняший – 0,5–0,5, Праггнанандха – И Вэй – 0,5 – 0,5.
Ортда қолган 3-тур якунларига кўра, Нидерландиялик Аниш Гири ва Франция шарафини ҳимоя қилаётган Алиреза Фирузджа 2,5 очкога эга бўлган ҳолда, пешқадамлик қилаётган бўлса, Непомняший, Лижень ва Абдусатторов 2 очко билан кейинги ўринларни банд этишган.
Бугун, 16 январь куни 4-тур ўйинларида Абдусатторов Франция вакили Алиреза Фирузджага қарши қора доналарда ҳаракатланади. Шунингдек, И Вэй- Магсудлу, Лижен- Прагнанандхаа, Аниш Гири- Гукеш, Непомняший- Донченко, Йорден ван Форест- Видит Гуджрат, Макс Вармердам- Вэньцзюнь Цзю “дуэл”лари бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, мусобақалар 13 турдан иборат бўлиб, 28 январга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА