Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округда капитал таъмирдан чиқиб, замонавий спорт анжом-аслаҳалари билан тўлиқ жиҳозланган спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов, республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Татлимурат Атамуратов сўзга чиқиб, Қуролли Кучларимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга бўлган катта эътибор туфайли ҳарбий хизматчиларимиз мамлакат, қитъа ва дунё миқёсида ўтказилаётган нуфузли мусобақалар, чемпионат ва турнирларда давлатимиз байроғини юксак кўтариб, Ўзбекистон юрт ҳимоячилари ҳеч кимдан кам эмаслигини амалда исботлаб келаётганини эътироф этди. Бундай замонавий спорт мажмуаси эндиликда моҳир спортчиларни тайёрлайдиган маскан бўлишига ишонч билдирди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур спорт мажмуадаги капитал таъмир ишлари натижасида илгари фойдаланилмаган ва қаровсиз бўлган ертўла қисми эндиликда катта тренажёр залга айлантирилиб, унда ўнлаб юрт ҳимоячилари бир вақтнинг ўзида оғир атлетика ва тош кўтаришдан ташқари кардио машқлар, электрон югуриш йўлаги ва велотренажёрларда шуғулланиш имкони яратилди. Спорт мажмуада ечиниш, ювиниш хонаси, назарий машғулотларни олиб боришга мўлжалланган синфхона, меҳмонлар учун алоҳида хоналар, спорт анжом-аслаҳаларни сақлайдиган омборхона, мураббийлар хонаси барпо этилди.
Умумий залда ҳарбий хизматчиларнинг бокс билан шуғулланиши учун ринг, қўл жанги мусобақаларини ўтказишга мўлжалланган татами ўрнатилди. Эндиликда ҳарбий округ спорт мажмуаси ўзининг тарихи, эришган ютуқлари ҳамда медал ва кубокларни сақлаши учун музейига эга бўлди. Бу ерда округ спорт взводининг малакали мураббий ва йўриқчилари тарбияси остида қўл жанги, миллий кураш, бокс, тош кўтариш, дзюдо, шарқ яккакураши, эркин кураш, каратэдан иборат 11 та спорт тўгарагида мамлакатимиз довруғини дунёга ёйишда ҳисса қўшадиган ёш спортчилар камол топмоқда.
Мажмуанинг очилиш маросимида меҳмонлар унинг имкониятлари билан яқиндан танишиб, ҳарбий округ нуфузини юксакларга кўтариб келаётган ҳарбий спортчилар билан мулоқот қилишди. Бу ерда яратилган шароитлар, замонавий спорт тренажёрлари билан жиҳозланганлик даражасига юқори баҳо бериб, ушбу даргоҳдан етук спортчилар ўсиб чиқишига тилак билдирилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.