Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан Нукус гарнизонидаги Маънавият ва маърифат марказида тантанали тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида қўшинларнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлиги, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси борасида салмоқли ишлар амалга оширилиб, миллий армиямиз нафақат минтақада, балки жаҳонда энг кучли армиялардан бири сифатида эътироф этиладиган бўлди.
Ватан ҳимоячилари куни байрамига бағишланган ушбу тантанада Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги, ҳарбий хизматчилар ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-майор Фарҳоджон Шерматов Ватан ҳимоячиларини байрам билан муборакбод этди.
2023 йилда ҳарбий округда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари доирасида “Янгиариқ” умумқўшин полигонида 250 ўринли муҳташам Маънавият маркази ҳамда 30 ўринли меҳмонхона мажмуаси барпо этилди. Нукус ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисмига қарашли махсус техникаларни сақлаш парки капитал таъмирдан чиқарилди.
Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида илгари бўш турган қарийб 1 гектар ер майдонида бир вақтнинг ўзида 500 нафар ҳарбий хизматчи билан амалий машғулотларни ўтказишга мўлжалланган кичик дала-ўқув майдони ҳамда Қуролли Кучларимизда ягона бўлган қўл жанги тўсиқлар йўлаги қурилди. Икки қаватдан иборат спорт мажмуаси капитал таъмирланиб, энг сўнгги спорт анжом-аслаҳалари билан жиҳозланди.
Ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни узоқ муддатли ипотека кредитлари асосида янги тураржой бинолари билан таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 60 та хонадон фойдаланишга топширилди. Нукус гарнизонидаги ёпиқ ҳарбий шаҳарча ҳудудида 120 хонадонли 2 та хизмат уйи ҳамда 300 ўринли мактабгача таълим муассасаси қурилиши бошланди. Нукус гарнизонидаги ҳарбий хизматчилар ётоқхонаси, 60 кишилик меҳмонхона, ҳарбий қисм штаби, тиббиёт пункти ва жанговар навбатчиликни ўташ жойлари капитал таъмирланди.
Ўтган йилда Шимоли-ғарбий ҳарбий округда 30 нафар ҳарбий хизматчининг фарзандига олий таълим муассасаларига квота асосида ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилди. Юрт ҳимоячиларининг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида фоизсиз имтиёзли ссудалар тақдим этилди.
Мудом иш ва ўқиш билан банд бўлмаган 700 нафар қорақалпоғистонлик ва хоразмлик ёшни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларга фуқаролик позициясини эгаллашига кўмаклашиш мақсадида “Жасорат мактаб”лари ташкил этилди. “Меҳр ҳаракати” саховат акцияси доирасида 100 нафардан зиёд олис овул аҳлига ҳарбийлар томонидан маънавий ва моддий кўмак берилди. “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари”га кирилган ижтимоий ҳимояга муҳтож чақирув ёшидаги юртдошларимизнинг 216 нафар фарзанди муддатли ҳарбий хизматга юборилди. 752 нафари сафарбарлик чақирув резервида хизматни ўташи учун пул бадали имтиёзли манбалар ҳисобидан тўлаб берилди.
Урганч шаҳрида илгари бўш турган жойда 300 ўринли Мудофаа вазирлигига қарашли “Жалолиддин Мангуберди” номли ҳарбий-академик лицей барпо этилгани эътироф этилди.
Муҳим сана муносабати билан ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари, Қуролли Кучлар ишчи-хизматчилари ҳамда фахрийлар Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони номидан эсдалик нишонлари, қимматбаҳо совғалар, диплом ва фахрий ёрлиқлар, навбатдаги ҳарбий унвонлар билан тақдирланди.
Тантанали маросим санъат усталари ҳамда ҳарбий хонандаларнинг байрам концерти, шунингдек, ҳарбий хизматчилар фарзандларининг кўргазмали чиқишлари билан якунланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири