Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқа театрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбоев сўзга чиқиб, барчани Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги билан муборакбод этди.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида қайд этилганидек, бугунги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида эришаётган барча ютуқ ва марраларимизда Қуролли Кучларимиз ва уларнинг сафларида ўз вазифасини сидқидилдан адо этаётган минг-минглаб ҳарбийларимизнинг муносиб ҳиссаси бор. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллигини ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида барча маҳаллаларда, таълим ва меҳнат жамоаларида, ҳарбий қисм ва муассасаларда сўнгги йилларда Қуролли Кучларнинг ҳарбий-жанговар қудратини ошириш ҳамда маънавий салоҳиятини юксалтириш бўйича амалга оширилган кенгкўламли ислоҳотлар, Янги Ўзбекистонни барпо этишда тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини аниқ мисоллар орқали етказишга қаратилган маърифий учрашувлар ҳамда давра суҳбатлари ташкил этилди.

Мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини, аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашда Ватан ҳимоячиларининг хизмати беқиёсдир. Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, соҳа фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилишга, жумладан, уларни уй-жой билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсияномалар бериш, ҳарбийларнинг турмуш ўртоқларини ишга жойлаштиришга эътибор берилмоқда.

Тадбирда санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари