Қатарнинг Доҳа шаҳри мезбонлик қилаётган XVIII Осиё кубогининг гуруҳ босқичи “D” ва “E” гуруҳларида биринчи тур ўйинлари ўтказилди.
Мусобақанинг “D” гуруҳидан жой олган Ироқ ва Индонезия баҳсида 3:1 ҳисоби қайд этилди. “E” гуруҳида эса Иордания илк учрашувини Малайзия термасига қарши ўтказди ва йирик 4:0 ҳисобида зафар қучди. Жанубий Корея ҳамда Баҳрайн ўйини 3:1 ҳисобида кореяликлар фойдасига якунланди.
Мазкур учрашувлар натижасига кўра, “D” гуруҳида Япония ва Ироқ терма жамоалари бир хил 3 очко тўплаган ҳолда биринчи ва иккинчи поғоналарга жойлашди. Биринчи турда мағлуб бўлган Вьетнам ҳамда Индонезия эса 3-4 ўриндан жой эгаллади.
“E” гуруҳида эса тўплар нисбатига кўра Иордания биринчи, Жанубий Корея эса иккинчи бўлди. Шунингдек, гуруҳнинг сўнгги ўринларида Баҳрайн ва Малайзия терма жамоаси қайд этилди.
Бугун, 16 январь куни “F” гуруҳида Таиланд – Қирғиз Республикаси, Саудия Арабистони ва Уммон терма жамоалари қарама-қаршилигига гувоҳ бўламиз. Ушбу ўйинлардан сўнг мусобақанинг гуруҳ босқичида биринчи тур учрашувлари якунланади.
Хабарингиз бор ушбу мусобақада терма жамоамиз илк учрашувда Сурия билан 0:0 ҳисобида дуранг қайд этган эди. Ҳозирда Ўзбекистон миллий терма жамоаси 18 январь куни Ҳиндистонга қарши ўтадиган ўйинга тайёрланмоқда. Термамизнинг кечаги машғулотларида жамоа сардори Жалолиддин Машарипов номаълум сабабларга кўра иштирок этмади. Умид қиламизки, тажрибали футболчимизнинг саломатлиги жойида ва олдиндаги муҳим учрашувларда майдонга тушади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА