Қатарнинг Доҳа шаҳрида футбол бўйича XVIII Осиё кубоги баҳслари давом этмоқда. Куни кеча гуруҳ босқичининг 1-тури доирасида “D” гуруҳида Япония – Вьетнам, “C” гуруҳида БАА – Гонконг, Эрон – Фаластин терма жамоалари ўзаро баҳс олиб борди. Ушбу баҳсларда БАА терма жамоаси Гонгконг устидан 3:1 ҳисобида зафар қучган бўлса, Эрон ва Фаластин баҳси 4:1, Япония ҳамда Вьетнам учрашуви 4:2 ҳисобида якунланди.
Қайд этилган, мазкур учрашувлардан сўнг “C” гуруҳида Эрон ва БАА терма жамоалари 3 очко жамғарган ҳолда биринчи ҳамда иккинчи ўринларни қайд этди. Гонгконг ва Фаластин эса 3-4 поғоналардан жой олди. “D” гуруҳида эса Япония ҳозирда битта ғалаба билан пешқадам бўлиб турибди. Ушбу гуруҳдаги аниқ ҳолат Индонезия – Ироқ терма жамоалари учрашувидан сўнг ойдинлашади.
Бугун, 15 январь куни Осиё кубогининг “D” ва “E” гуруҳларида 1-тур ўйинлари ўтказилади. Унда Жанубий Корея – Баҳрайн, Индонезия – Ироқ, Малайзия – Иордания термалари ўзаро рақобатлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА