Мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил топганининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий тиббиёт академияси, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги вакиллари иштирокида Қорақалпоғистон тиббиёт институти талабаларини ҳарбий касбга йўналтириш бўйича тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Унда ҳарбий тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли Мудофаа вазирлиги тизимидаги шифо масканлари замонавий қиёфа акс этиб, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани ҳамда юқори малакали ҳарбий тиббиёт соҳаси мутахассислари томонидан тиббий хизматлар кўрсатилаётгани алоҳида эътироф этилди.
Таъкидлаш жоизки, янгиланган Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий клиник ҳамда Нукус ҳарбий госпиталлари амалий ишларнинг яққол исботи бўлиб, ушбу шифо масканларида энг илғор даволаш усуллари ҳамда тиббий хизматлар кўрсатилмоқда. Замонавий тиббий диагностика ҳамда бошқа ускуналар ёрдамида юрт ҳимоячиларининг соғлиғини сақлаш, уларга муолажа кўрсатиш тизимини янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.
Соҳани ривожлантириш ҳамда кадрларни тайёрлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 22 октябрдаги “Ҳарбий тиббиёт соҳасида кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий тиббиёт факультети негизида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилди.
Ҳарбий тиббиёт академияси бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига кирувчи вазирликлар ва идоралар учун юқори малакали ҳарбий тиббиёт соҳасида замонавий талабларга жавоб берадиган офицер кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш вазифасини бажаради.
Академияда курсантлар бакалавр ва ҳарбий тиббиёт соҳаси учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ҳарбий интернатурада икки йил давомида таълим олади. Ўзбекистон олий тиббий таълим муассасалари даволаш факультетларининг 5-босқичини ва тиббий-профилактика факультетларининг 4-босқичини тамомлаган талабалар Ҳарбий тиббий академияга топшириш имкониятига эга бўлиб, келгусида шартнома бўйича ҳарбий хизматни ўташ истагини билдирган, шунингдек, соғлиғининг ҳолатига кўра, ҳарбий хизматга яроқли бўлган талабалар орасидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан танлаб олинади.
Суҳбат асносида талабалар ҳарбий тиббиёт соҳасига кадрларни етказиб бериш масъулияти юкланган академияда ўқишни давом эттириш истагида бўлган номзодларга қўйилган талаблар тўғрисида ҳам батафсил маълумотларга эга бўлишди. Мазкур олий ҳарбий таълим муассасаси тўғрисида видеоролик намойиш этилди.
Учрашув якунида Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан концерт дастури ҳамда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги усуллари билан чиқишлари намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири