Иордания нашрида ўзбек киноси ҳақида мақола чоп этилди

Ўзбекистон хориж матбуоти саҳифаларида
Президентимиз раислигида 2023 йил 22 декабрь куни ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари маънавият, маърифат, маданият, санъат ва ижод соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигини муҳокама қилиб, келгусидаги устувор вазифаларни белгилаб берди.
Ҳозирги вақтда “Тирик тарих” сериясида ватанимизнинг шонли ўтмишига бағишланган 50 та бадиий фильм яратиш бўйича фармон лойиҳаси тайёрланмоқда. Шу асосда тарихий фильмлар яратиш дастури ишлаб чиқилади. Бу дастур ижросига нафақат маҳаллий, балки хорижий ижодкорлар, кинокомпаниялар ҳамда инвесторлар жалб этилади.
Шу мавзу хориж матбуоти саҳифаларида ҳам акс-садо бермоқда. Жумладан, Иордания пойтахти Аммон шаҳрида фаолият олиб борадиган “Ammon News” ахборот агентлиги саҳифаларида Тошкент шаҳрига келиб, Ўзбекистон кинематографияси тарихи, бугуни ва истиқболи билан танишган яманлик ёш ёзувчи Абдул Ҳамид Ал-Куби ўз ҳайрат ва таассуротларини қоғозга туширган.

Муаллиф ўзбек кино санъати тарихига қисқача тўхталиб, кино санъати ривожининг бошланиши 1924 йилда Бухорода, 1925 йили Тошкентда ташкил этилган киностудияларни мисол қилиб келтирган. Дастлабки овозсиз фильмлар, сўнгра овозли кинонинг юзага келиши ўзбек кино санъатининг бадиий қийматини оширганлигини айтган.
Халқона мавзунинг ҳақиқий имкониятларини очиб берган ўзбек киносининг илк намуналари бўлган “Насриддин Бухорода”, халқ эртаклари асосида яратилган “Тоҳир ва Зуҳра”, тарихий фильмлар анъанасини бошлаб берган “Алишер Навоий”, шунингдек, “Бой ила хизматчи”, “Қутлуғ қон”, “Шоҳи сўзана” каби бадиий асарларнинг экранлаштирилиши ўзбек киносида замон талабларига, дунёга янгича назар ташлаш имкониятлари намоён бўлганлигини кўрсатади, деб таъкидлайди у.
Шу билан бирга, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган фильмлар ҳам ўзбек экран санъатига янги бир саҳифа бўлиб кириб келди. “Мафтунингман”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Сен етим эмассан”, “Қалбингда қуёш”, “Тошкент – нон шаҳри”, “Синчалак”, “Улуғбек юлдузи”, “Наташахоним”, “Ўтган кунлар” ва бошқа фильмлар шулар жумласидандир.
Муаллиф ўз мақоласида буюк алломалар ҳаётидан сўзловчи “Нодирабегим”, “Абу Райҳон Беруний”, “Оловли йўллар” ҳамда “Зулматни тарк этиб”, “Шум бола” каби киноленталар яратилиб, ўзбек киноси сон ва сифат жиҳатдан яна бир поғона кўтарилгани, жанрлар эса шакл ва мазмун жиҳатдан бойиганини таъкидлайди.
Мухтасар айтганда, мақола ўқувчида ўзбек киносининг тарихи, бугунги кундаги муваффақиятлари, келажаги ҳақида тўлиқ тасаввур уйғотади ва иорданияликларни бефарқ қолдирмайди, деб ўйлаймиз.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА мухбири