Қонунбузилишига йўл қўйган 500 га яқин мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилган

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасида давлат харидлари соҳасида назоратни таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот тадбири бўлиб ўтди.
Унда қайд этилганидек, қўмита томонидан давлат харидларида “Рақобат тўғрисида”ги ҳамда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан белгиланган тартибда назорат ва таҳлил ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Қўмита ва ҳудудий бошқармалар томонидан 2023 йилда давлат буюртмачилари томонидан ўтказилган 62 миллион 465 та танлов (тендер) савдоларида таҳлил ишлари олиб борилди.
Шундан, буюртмачилар томонидан 18 миллион 738 та савдолар жараёнида 27 миллион 730 та рақобатга зид ҳаракатлар аниқланди.
Хусусан, қўмита марказий аппарати мутахассислари томонидан жами 23 миллион 296 та танлов (тендер) савдоларида таҳлил ишлари олиб борилди. Таҳлил натижасида буюртмачилар томонидан 5 миллион 118 та савдолар жараёнида 7 миллион 640 та рақобатга зид ҳолатлар аниқланган бўлса, ҳудудий бошқармалари томонидан эса жами 39 миллион 196 та танлов (тендер) савдоларида таҳлил ишлари олиб борилди. Таҳлил натижасида буюртмачилар томонидан 13 миллион 620 та савдолар жараёнида 20 миллион 90 та рақобатга зид ҳаракатлар аниқланган.
Шу билан бирга, ушбу соҳа юзасидан Қўмита ва ҳудудий бошқармага жисмоний ва юридик шахслар томонидан 1 миллион 142 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатлар асосида ўтказилган таҳлил натижасида 569 та ҳолатда рақобатга зид қонунбузилишлар аниқланган.
Юқорида аниқланган ҳолатлар юзасидан қўмита томонидан тегишли ишлар олиб борилиб қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўрилган.
Мисол учун, «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан бошланғич қиймати 20,4 миллиард сўмга тенг бўлган “Андижон вилоятидаги банк филиалининг янги биносини қуриш” учун ўтказилган тендерда иштирокчиларни асоссиз харид тартиб таомилларидан четлатилгани аниқланган.
Танлов натижаси Қўмитанинг кўрсатмасига асосан буюртмачи томонидан бекор қилиниб, тендер савдолари такроран ўтказилган.
Жумладан, Хоразм вилояти Боғот тумани ободонлаштириш бошқармаси томонидан 5 та лотда қиймати 5,6 млрд. сўмга тенг бўлган махсус техникаларни харид қилиш учун ўтказилган танлов савдоларида иштирокчиларнинг таклиф ҳужжатларини баҳолашда хато ва камчиликларга йўл қўйилган ва бу ҳолат харид натижасига таъсир кўрсатган. Танлов натижаси Қўмитанинг кўрсатмасига асосан буюртмачи томонидан бекор қилиниб, тендер савдолари такроран ўтказилган.
Фарғона вилояти 2-сон туманлараро фтизиатрия диспансери томонидан бошланғич қиймати 969,9 миллион сўм бўлган “Рақамли рентген аппарати флюорография билан” харидларида рақобатни чеклашга олиб келадиган талаблар киритилган. Танлов натижаси Қўмита томонидан қўзғатилган иш доирасида буюртмачи томонидан ихтиёрий бекор қилиниб, савдолар такроран ўтказилган.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан 44 та мактабда йўл ҳаракати хавфсизлиги хоналарини ташкил қилиш ва ускуналар билан таъминлаш бўйича бошланғич қиймати 1 595 млн. сўм бўлган танловларда савдоларни ўтказиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибларининг бузилиши ҳамда айрим тадбиркорлик субъектларига имтиёзли шарт-шароитлар яратиб берганлик ҳолатлари аниқланган. Танлов натижаси Қўмитанинг кўрсатмасига асосан буюртмачи томонидан бекор қилиниб, такроран ўтказилган.
Юқорида аниқланган ҳолатлар юзасидан қонунбузилишига йўл қўйган 500 га яқин мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган.
Гулноза Бобоева, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА