Суд экспертлари хорижий мамлакатларда малака оширади

Президентимизнинг 2021 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Адлия вазирлиги ҳузурида Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилган.
Мазкур жамғарма бошқарув кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
Унда жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларидан мақсадли фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Муҳокама давомида кенгаш аъзолари томонидан жамғарманинг 2024 йил учун ажратиладиган маблағлар сметаси тасдиқланди.

Тасдиқланган сметага асосан жамғарма маблағлари ҳисобидан нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари билан давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳалар молиялаштирилади.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига субсидиялар ажратиш, суд экспертларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида 10 нафар суд экспертини хорижий мамлакатларда малака ошириши таъминланади.
Суд-экспертиза соҳасидаги илмий тадқиқотларга кўмаклашиш, суд экспертизасининг янги турлари ва тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш юзасидан грантлар ажратилади.
Республика суд экспертиза маркази ва унинг ҳудудий бўлимларининг моддий-техник базасини замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш харажатлари учун маблағлар ажратилади.
Тадбир якунида жамғарма фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Н.Абдураимова, ЎзА