Дубай кетма-кет учинчи йил “Tripadvisor Travellers’ Choice Best of the Best Destinations” мукофоти билан тақдирланди. Бу мукофот учун “Tripadvisor” 2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 30 сентябргача бўлган вақт оралиғида меҳмонхоналар, ресторанлар ва кўнгилочар объектлар ҳақидаги шарҳларнинг сифати ва миқдорини ҳисобга олган ҳолда миллионлаб саёҳатчиларнинг рейтинглари ва муҳокамалари асосида ғолибларни танлади.
Дубай иқтисодиёт ва туризм департаменти маълум қилишича “Tripadvisor”нинг нуфузли мукофоти Дубай мукофотлари қаторига муҳим қўшимча бўлди. 2023 йилда “Remitly” ҳисоботи Дубайни дунёдаги биринчи рақамли шаҳар деб эътироф этди. Шунингдек, “Savills” компанияси уни “Executive Nomad Index 2023” да масофавий ишлаш учун энг яхши 20 та шаҳар қаторига киритди.
“Euromonitor International”нинг 2023 йилги шаҳарлар индексига кўра, Дубай дунёдаги иккинчи энг машҳур шаҳар деб топилди. Бундан ташқари, Дубай Японияда тузилган нуфузли “Global Power City Index 2023” рейтингида ҳам энг яхши 10 та шаҳар қаторига киритилган.
Шаҳарлар ва мамлакатлар ҳақидаги дунёдаги энг йирик маълумотлар базаси бўлган “Numbeo” маълумотларига кўра, БAA 2023 йилда дунёнинг иккинчи энг хавфсиз давлати деб топилган. Ушбу ажойиб ютуқлар Дубайнинг 200 дан ортиқ турли миллат вакилларига ўзига хос тажрибаларни тақдим этувчи етакчи глобал турмуш тарзи манзили сифатида жозибадорлигини таъкидлайди. Юқори хавфсизлик стандартлари эса саёҳатчиларнинг шаҳарда хавфсиз дам олишларини таъминлайди.
Дубайнинг Иқтисодиёт ва туризм департаменти маълумотларига кўра, 2023 йилнинг январь-ноябрь ойларида Дубайга 15,37 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрган, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга кўп. Ушбу тенденция Дубайнинг бизнес ва туризм, яшаш ва ишлаш бўйича дунёдаги энг яхши учта шаҳардан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш учун D33 иқтисодий стратегиясига мос келади.
Г.Сатторова, ЎзА