Tesla Қизил денгизда кемаларга ҳужум уюштирилаётгани боис бутловчи қисмлар етишмаслиги шароитида Берлин яқинидаги заводида автомобиль ишлаб чиқаришни тўхтатади.
“Қизил денгиздаги қуролли можаролар сабаб Европа ва Осиё ўртасида қатнаётган юк кемаларининг йўналишлари ўзгариши натижасида Грюнхайде шаҳридаги завод фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ташув вақтининг сезиларли равишда чўзилиши товар етказиб бериш занжирида узилишларни келтириб чиқармоқда”, – дейилади Tesla тарқатган баёнотда.
“Рейтер” ахборот агентлигининг ёзишича, фабрикада ишлаб чиқариш 29 январдан 11 февралгача тўлиқ тўхтатилади.
Қизил денгизда Яман соҳилларининг катта қисмини назоратига олган хусийлар Исроилга алоқаси бўлган ёки ушбу мамлакат портларига келаётган кемаларга ҳужум қилишни маълум қилган эди. Бунга жавобан АҚШ ўнлаб мамлакатлар билан биргаликда Қизил денгизда кемаларни ҳимоя қилиш амалиётини ўтказишни эълон қилган.