Бугун Қатар яшил майдонларида футбол бўйича Осиё кубоги мусобақаси бошланади ва ушбу мусобақа 10 февраль кунига қадар давом этади.
Осиё футбол конфедерацияси томонидан 1956 йилда асос солинган Осиё кубоги қитъамизда футбол бўйича ўтказилаётган энг нуфузли мусобақа ҳисобланади. Бу йилги мусобақада мураккаб саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган қитъамизнинг энг кучли йигирма тўрт мамлакат терма жамоаси ғолиблик учун ўзаро баҳслашади.
Осиё кубогида Ўзбекистон миллий терма жамоаси “B” гуруҳида Австралия, Сурия ва Ҳиндистон жамоалари билан куч синашади. Ҳамюртларимиз Осиё кубогидаги иштирокини 13 январь куни Сурия терма жамоасига қарши ўйин билан бошлайди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубоги мусобақасининг финал босқичида 1996 йилдан буён иштирок этиб келмоқда. Ўша йили Бирлашган Араб Амирликлари ва 2000 йили Ливанда ўтказилган дастлабки икки турнир ўзбекистонлик футболчилар учун тажриба ва маҳорат мактаби вазифасини ўтади.
2004 йил Хитойда ва уч йилдан сўнг тўртта мамлакат – Вьетнам, Индонезия, Таиланд ҳамда Малайзияда ташкил этилган мусобақанинг гуруҳ баҳсларида зафар қучган футболчиларимиз чорак финалга чиқди. 2011 йил Қатарда ўтказилган қитъа кубоги баҳсларида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим финалгача етиб бориб, кучли тўртликдан жой олди. 2015 йилги чемпионатда ҳамюртларимиз 1/4 финал босқичига қадар етиб борган, 2019 йилги қитъа чемпионатида эса вакилларимизга 1/8 финал босқичи насиб этган эди.
Терма жамоа бош мураббийи Сречко Катанец Осиё кубогининг финал босқичида ўйнайдиган терма жамоа таркибига миллий чемпионатимиз олий лигасида иштирок этаётган “Пахтакор”, “Навбаҳор”, “АГМК” ва “Насаф” жамоалари сафида кучли ўйин кўрсатган энг моҳир футболчиларни жалб этди. Шунингдек, Жалолиддин Машарипов, Аббосбек Файзуллаев, Бобир Абдухолиқов, Абдуқодир Ҳусанов, Отабек Шукуров, Шаҳбоз Умаров, Игорь Сергеев, Азизбек Амонов, Абдулла Абдуллаев каби легионерлар ҳам Доҳа шаҳридаги яшил майдонларда юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Осиё кубогининг илк очилиш учрашуви бугун Тошкент вақти билан соат 21:00да “А” гуруҳидан ўрин олган Қатар ва Ливан ўртасида ўтказилади. Сречко Катанец бошчилигидаги терма жамоамиз дастлабки ўйинини 13 январь куни соат 22:30 Сурия термасига қарши ўтказади. Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 18 январь куни Ҳиндистон билан соат 19:30да, австралиялик футболчилар билан эса 23 январь куни соат 16:30 ўзаро куч синашади.
Маълумот учун, 13 январь куни “А” гуруҳининг иккинчи ўйини соат 19:30да Хитой ва Тожикистон ўртасида бўлиб ўтади. Шу куни “B” гуруҳида Австралия ҳамда Ҳиндистон термалари соат 16:30да ўзаро рақобатлашади. Ўйинларнинг бошланиш вақти Тошкент вақти билан кўрсатилган.
Мазкур Осиё кубогида миллий терма жамоамизга улкан зафарлар тилаб қоламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА