“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчисига тиббий хизмат кўрсатиш ижтимоий ҳимоя чораси сифатида кафолатланиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, барча шаҳар ва туман ҳокимликларида фаолият юритаётган давлат фуқаролик хизматчиларини алоҳида режа-график асосида профилактик тиббий кўрикдан ўтказиш ташкил этилди. Aсосий мақсад касалликларни эрта аниқлаш, унинг олдини олиш орқали меҳнат фаолиятида самарадорлик ва натижадорликка эришишни таъминлашдир.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирни жойларда белгиланган муддатда ўтказиш учун барча шарт-шароит яратилди. Тиббий кўрик давомида шифокорлар томонидан соғлом турмуш тарзига амал қилиш, тўғри овқатланиш, касалликларнинг олдини олиш бўйича маслаҳатлар берилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири