Қурбонлар сони 68 нафарга етган Док-1 Макс фожеаси бўйича давом этаётган суднинг 10 январ кунги мажлисида 68 нафар бола вафот этгани, 16 нафари эса оғир, 2 нафари енгил тан жароҳати олгани тасдиқланди. Шунингдек, суд Фарруҳ Толипов ва Фарҳод Назаровга айблов эълон қилган бўлиб, айблов хулосасини ўқиб эшиттирди. Толипов Жиноят кодексининг 214-моддаси 3-қисми ”а” банди билан, Назаров эса 228-модда 2-қисми “а,б” бандлари ва 228-модда 3-қисми билан айбланмоқда.

Суд давомида 23 нафар судланувчининг шахсига аниқлик киритилиб, прокурор томонидан қўшимча айблов хулосалари ўқиб эшиттирилди. Судланувчиларнинг 16 нафари ўзига нисбатан илгари сурилаётган айбловга умуман иқрор эмаслиги, 6 нафари қисман, 1 нафари эса айбига тўлиқ иқрорлигини билдирди.

Ундан сўнг судланувчилар ўз кўрсатмаларини берди. Жумладан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариев ўзига нисбатан асоссиз айби бўлмаса ҳам қасддан айблов кетганини айтади. ”Айблов хулосаси бўрттириб ёзилган, бир-бирига тўғри келмайдиган эпизодларни қўшиб туриб ўзбекчасига айтганда чумолидан фел ясаш нуқтаъи назаридан тузилган… Суд давомида мен ва адвокатларим томонидан айблов кўрсатилган ҳар битта банди бўйича “конкрет” исботлар билан аниқлик киритилинди.”, деган Кариев. «Нимаки қилинган бўлса ҳаммаси мени орқамдан қилинган. Бу нарса бўйича тергов ҳужжатларида, баъзи бир шахсларнинг пушаймонлик хатларида ўқийдиган бўлсак шу фикрга тўла-текис келсак бўлади. Мен томонимдан ҳеч қанақа ноқонуний топшириқлар, қайсидир дори воситасини инспекциядан ечиш ҳақида ҳеч қанақа ноқонуний топшириқлар берилмаган. Ҳаммаси бу менга нисбатан қасддан қилинаётган кўрсатмалар… Мен терговдан адолат топмадим”, деб қўшимча қилган агентликнинг собиқ директори.

Шунингдек, Кариев ўзига нисбатан тергов жараёнида руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказилгани, ҳақоратлангани ва оила-аъзоларини ҳам қамаш билан қўрқитилганини ҳам кўрсатма беради. Тан жароҳати билан боғлиқ экспертиза ишларига кейинги суд мажлисларида қайтилади. 12 январ куни суд ўз ишинин давом эттиради.

Сардорбек Поёнов, Искандар Исмат, Дониёр Якубов (видео, монтаж), ЎзА.