Давлатимиз раҳбарининг “Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тадбиркорларга қатор эркинликлар берилди.

Жумладан, 2024 йил 1 мартдан бошлаб 16 та лицензия ва рухсатнома бекор қилинмоқда. 7 турдаги рухсат берувчи ҳужжат тўлиқ бекор қилинади. Масалан, божхона ташувчилари реестрига киришда юкларни ташиш учун рухсатнома талаб қилинмайди. 6 турдаги рухсат берувчи ҳужжат бирлаштириш йўли билан бекор қилинади. Хусусан, экспорт назорати объектларини олиб чиқиш учун рухсатнома ҳамда махсус товарлар экспорти ва импорти учун лицензия бирлаштирилмоқда. 3 та лицензия ва рухсатнома хабарнома тартибига ўтказилади. Масалан, эндиликда турагентлик фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш мумкин бўлади.

Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди. Фармон билан чиқиш туризмини амалга оширишда 15 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш талаби бекор қилинди. Бунда хавфни мажбурий суғурта қилиш тартибини жорий қилиш орқали фавқулодда ҳолатларнинг оқибатлари бартараф қилинади. Натижада 1,6 минг нафар тадбиркор ихтиёрида 24,5 миллион  доллар қолади.

Меҳмонхоналарни сертификатлаштириш учун аризага кадастр ҳужжатларини талаб қилишга чек қўйилади. Ҳозирда 1,2 мингта меҳмонхона мавжуд бўлиб, кадастр ҳужжатини идоралараро ахборот алмашув орқали олиш имконияти яратилган.

Эндиликда юридик шахсларга тегишли транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиш жойларини ихтиёрий равишда танлаш мумкин. Бугунга қадар техник кўрикдан ўтказиш ички ишлар органлари томонидан белгиланган жойларда ўтказилаётган эди. Ҳозирда 4,1 миллионта транспорт воситаси ва 276 та автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи тадбиркорлар мавжуд.

Фармонда белгиланган яна бир муҳим тартиб – айрим соҳаларда лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомиллари соддалаштирилган “Бизнесга лицензиясиз кириш” махсус режими жорий этилмоқда.

Бунда лицензия ва рухсатнома олмасдан ваколатли органни хабардор қилган ҳолда 3 ой давомида фаолиятни амалга оширишга рухсат этилади. Ушбу муддат тугагандан сўнг тадбиркор тегишли лицензия ёки рухсатномани белгиланган тартибда олади ёки мазкур фаолиятни амалга оширишни тўхтатади.

Бундан ташқари, фармон билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш режаси тасдиқланди.

Шунингдек, мажбурий талабларни қисқартириш, лицензия ва рухсатномаларни олишни соддалаштириш бўйича 33 та банддан иборат “йўл харитаси” тасдиқланди. Ушбу йўл-харитада 28 та лицензия ва рухсатномадаги 50 тадан зиёд талабларни соддалаштириш назарда тутилган.

Лицензия ва рухсатнома бериш тизимини соддалаштириш мақсадида 71 та лицензия ва рухсатномаларнинг паспортлари ишлаб чиқилади (амалда 70 дан ортиқ лицензия ва рухсатномаларни бериш тегишли паспорт ва ягона низом асосида амалга оширилмоқда).

Шунингдек, Президентимизнинг “Тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига ҳисобот ва статистик маълумотларни тақдим этиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2024 йилдан бошлаб тадбиркорлар томонидан давлат органларига топшириладиган 34  турдаги ҳисобот бекор қилинди.

Жумладан, бошқа давлат органларидан маълумот олиш имконияти мавжуд бўлган, мақбуллаштириш ҳисобига ҳамда танланма кузатувга ўзгартириш орқали 26 турдаги статистик ва бир-бирини такрорловчи ҳамда тегишли ахборот тизимларида мавжуд бўлган бошқа 8 турдаги ҳисобот ҳам бекор қилинди.

Ушбу ҳисоботлар тадбиркорлар томонидан чораклик ва йиллик даврларда топширилган бўлиб, уларнинг бекор қилиниши натижасида ҳар йили 21,5 минг нафар тадбиркорнинг 500 миллион сўм миқдордаги маблағи тежалади.

Мазкур ишларни давом эттириш мақсадида тадбиркорлик субъектларидан ҳисобот олувчи масъул давлат органларига ҳар йили маълумотларни электрон базалардан олиш имкони бўлган ҳисоботларни мақбуллаштириш топширилган.

Умаман олганда, тадбиркорлар томонидан давлат органларига тақдим этиладиган ҳисоботлар 50 фоизга қисқартирилади.

Н.Абдураимова, ЎзА