2023 йилда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 1407 этник қозоқ “ватандош” мақомини олди, дея хабар берди “Казинформ” ахборот агентлиги.
Ҳудудий коммуникациялар хизмати брифингида шаҳар Бандлик ва ижтимоий дастурлар бошқармаси бошлиғи Бауржан Жаубасов ўтган йил шаҳарда 1407 нафар этник қозоқ ўз тарихий ватанига қайтиб, “ватандош” мақомига эга бўганини алоҳида қайд этган.
– Бошқарув тарихий ватанига келган этник қозоқларга ватандош мақомини бериш ва узайтириш бўйича ишлаяпти, – деди Б.Жаубасов. – 151 киши ўз мақомини яна бир йилга узайтирди. Хориждаги этник қозоқларнинг қариндошларини Қозоғистонга кўчириш учун 37 кишига чақирув қоғози берилди.
Маълум бўлишича, бошқарма фаолиятига чет эллик малакали ходимларга рухсатномалар бериш ва уларни узайтириш функциялари киради. 2023 йил юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун 1242 та рухсатнома берилган, маҳаллий бюджетга 738 миллион тенге солиқ йиғимлари тўланган.
Б.Худойбердиев, ЎзА