Жанубий Корея пойтахтидаги метрода ўриндиқсиз вагонли поездлар пайдо бўлиши кутилмоқда, дейилади “Yonhap” ахборот агентлиги хабарида.
Сеул метрополитени маълумотига кўра, чоршанба кунидан бошлаб эрталаб ва кечқурун “тиғиз” соатларда метрополитеннинг 4-линиясидаги поездларнинг ҳар бирида биттадан вагон ўриндиқсиз ҳаракатланмоқда.
Шаҳар метроси операторининг айтишича, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун ўриндиқсиз вагонларга қўшимча таянч ва тутқичлар ўрнатилган.
Ўтган йил учинчи чоракда эрталаб ва кечқурун “тиғиз” соатларда 4-линиясидаги метро вагонларида бандлик 193,4 фоизни ташкил этди, бу одатдагидан деярли икки баравар кўп. Шунингдек, бошқа метро йўналишларида ҳам ўриндиқсиз вагонларни жорий этиш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Б.Худойбердиев, ЎзА