Кеча Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов Буюк Британия ташқи ишлар вазири ўринбосари Лео Докерти билан учрашув ўтказди.

Музокараларда томонлар сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон-Буюк Британия мулоқотининг ҳолати ва истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашдилар ҳамда бўлажак қўшма тадбирлар жадвалини муҳокама қилдилар.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланаётгани, кун тартибидаги барча жабҳалар бўйича ўзаро манфаатли шериклик изчил кенгайиб бораётгани таъкидланди.

Иқтисодий дипломатия икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисмларидан бири сифатида қаралаётгани алоҳида эътироф этилди. Икки давлат ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг ўринбосарлари долзарб халқаро ва минтақавий масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири ўринбосари Лео Докерти ЎзА мухбирига интервью берар экан, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди.

–Шуни айтишим мумкинки, бугунги учрашувдан жуда ижобий таассурот олдим. Дарҳақиқат, Буюк Британия билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро алоқалар яхши суръатда ривожланиб келмоқда, -деди Буюк Британия ташқи ишлар вазири ўринбосари Л.Докерти. – Ўзбекистонда таълим, савдо, бизнес соҳаларини ривожлантиришда катта ютуқлар қўлга киритилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Мен ушбу масалаларни яна бир бор муҳокама қилиш ва ўзаро дипломатик муносабатларни янада мустаҳкамлаш учун юртингизга ташриф буюрдим. Ҳамкорлигимизда айниқса, таълим соҳаси жуда муҳим ҳисобланади. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мазкур соҳада олиб бораётган ислоҳотларини ҳамда бу борада қўлга киритилган муваффақиятларни биз ҳам жуда қадрлаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз. Зеро, биз Ўзбекистонда ёш авлоднинг илмли, дунёқараши кенг бўлиб улғаётганига, халқаро миқёсда катта-катта ютуқларни қўлга киритаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз, деди вазир ўринбосари.

Саидмурод Раҳимов,

ЎзА мухбири