Халқаро “Gallup” тадқиқот компанияси томонидан ўтказилган сўровнома натижалари Исроил бош вазири Нетаньяхунинг америкаликлар орасида рейтинги тез тушиб кета бошлаганини кўрсатган. Сўров натижаларига кўра, америкаликларнинг 47 фоизи унга нисбатан салбий, 33 фоизи эса ижобий фикрда эканини билдирган.
“Gallup” тадқиқот компанияси сўнгги пайтларда тез-тез Нетаньяхунинг рейтинги бўйича сўровномалар ўтказиб келади, аммо охирги олинган натижалар кўрсаткичини энг ёмони дейиш мумкин. Нафақат америкаликлар, ҳатто Исроилнинг ўзида ҳам баъзи сиёсий доира вакиллари Нетаньяху олиб бораётган бошқарув тизимидан норози эканликларини билдирмоқдалар. Масалан, Исроилдаги мухолифат партиясининг етакчиси Яир Лапид: “Исроилга янги Вазирлар Маҳкамаси ёки янги Бош вазир керак. Бу ҳукумат урушни назорат қила олмайди. Нетаньяху мамлакатни бошқаришга қодир эмас”, – деган у.
Шу фикрлари билан Яир Лапид ҳукуматни алмаштириш ёки муддатидан олдин сайловлар ўтказишга чақирган. Исроилда Нетаньяхуни қўллаб-қувватлаш аста-секин камайиб бораётган бир пайтда, муддатидан олдин сайловлар ўтказиш таклифи ҳам ўртага чиқа бошлади.