Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ойхон Ҳожизода Франция фуқаросининг ҳибсга олиниши билан боғлиқ баёнотга изоҳ берар экан, француз томонини Озарбайжоннинг ички ишларига аралашмасликка чақирди.
Қайд этилишича, 4 декабрь куни Франция фуқароси Мартин Риан Озарбайжон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддасида, яъни, жосуслик назарда тутилган қилмишни содир этганликда гумонланиб қўлга олинган.
“Франция ташқи ишлар вазирлигининг Франция фуқаросининг асоссиз ҳибсга олингани ҳақидаги айбловлари асосга эга эмас. Бу баёнот воқеликни бузиш, Озарбайжоннинг ички ишларига ва қонуний тергов жараёнига аралашишга навбатдаги уринишдир”, – деган Ҳожизода.
Унинг қайд этишича, суд Франция фуқаросига нисбатан тўрт ой муддатга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси сифатида қарор чиқарган.
“Озарбайжон томони мазкур француз фуқаросига нисбатан чора кўриб, миллий қонунчилик ва халқаро мажбуриятларга тўлиқ риоя қилди. Гумонланувчи қўлга олинганидан бери Франция элчихонасининг консуллик бўлими ходимлари унинг олдига бир неча бор ташриф буюрган ва улар жиноий иш юзасидан тўлиқ хабардор”, – деган у.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибининг сўзларига кўра, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу шахс ва Франция элчихонасининг икки ходими ўртасидаги ҳамкорлик масаласини ўрганиш мақсадида Франция элчихонасига оғзаки нота юборганига қарамай, Франция томони тушунтириш беришдан ва терговга ҳамкорлик қилишдан бош тортган.
“Шу муносабат билан бу икки элчихона ходими Озарбайжон томонидан “номақбул шахслар” деб эълон қилинди. Биз яна бир бор француз томонини Озарбайжоннинг ички ишларига аралашишни ва тергов ҳаракатларига таъсир ўтказишни бас қилишга чақирамиз”, – деган Ойхон Ҳожизода.