Электрон тижорат платформасида хизматлар кўрсатишда лицензия талаб этилмайди

319

Банк, тўлов тизими, тўлов ташкилоти, электрон тижорат платформаси иловалари орқали хизматларни кўрсатишда телекоммуникациялар соҳасида фаолият юритиш учун лицензия талаб этилмаслиги қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Шунингдек, телекоммуникациялар соҳасида давлат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органи белгиланмоқда.

Бу каби тартибларни ўзида акс эттирган “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ва Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган семинарда қизғин муҳокама қилинди.

Семинарда мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати, унда акс эттирилаётган янги нормалар ва тадбиркорлик ҳамда фуқаролар учун яратилаётган енгилликлар хусусида сўз юритилди.

– Амалдаги “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган бир қатор қоидалар эскирган ва бугунги кун талабига жавоб бермайди, – деди депутат Шуҳрат Шарофутдинов. – Жумладан, мавжуд тартибга солиш механизмлари ва атамалар ўз аҳамиятини йўқотгани сабабли амалиётда нотўғри талқин қилиш ҳолатлари ва соҳанинг ривожланишига тўсиқлар пайдо бўлмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси билан аҳолига ва телекоммуникация соҳасида фаолият юритувчи субъектларга бир қатор қулайликлар яратилмоқда. Амалдаги “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига олдин мавжуд бўлмаган қатор янги нормалар киритилмоқда. Жумладан, асосий атамалар халқаро нормаларга мувофиқлаштирилмоқда, оператор ва провайдерларнинг ўзаро тармоқ хизматларини аҳолига кўрсатиладиган телекоммуникация хизматларидан фарқлаш мезонлари киритилмоқда.

Семинар давомида қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор саволлар ўртага ташланди. Лойиҳада назарда тутилган телекоммуникациялар соҳасида давлат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органи ваколатларини аниқ белгилаш, телекоммуникациялар соҳасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга нисбатан жавобгарлик механизмини тўғри белгилаш шулар жумласидандир.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши телекоммуникация инфратузилмасидан самарали фойдаланиш имкониятини яратиш орқали хизматлар қамровини ҳамда сифатини оширишга, Интернетдан фойдаланиш имкониятининг кенгайиши эса аҳолининг давлат хизматларидан фаол фойдаланишлари, электрон тижоратни амалга оширишларига хизмат қилади.

Семинарда кўтарилган саволларга вазирлик ва идоралар мутахассисларидан асослантирилган жавоблар олинди.

 

М.Комилова, ЎзА