Фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманлараро судининг 2017 йил 20 январдаги ижро ҳужжатига асосан, ундирувчи Бийбиназ Ибраимованинг фойдасига бир нафар фарзандининг таъминоти учун қарздор Рамиль Утарбаевнинг ҳар ойдаги жами даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланди.
Ижро ҳаракатлари давомида “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 421-моддасига асосан қарздор Утарбаев Рамиль Батибаевичнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиш ҳуқуқига нисбатан 2023 йил 27 июлдан чеклов ўрнатилган эди. Шунинг оқибатида қарздор октябрь ойида Бюронинг Қўнғирот туман бўлимига келиб, Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқишга зарурати борлигини билдирган.
Қарздор ота фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро судига ариза билан мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрь кунги “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан, 5 йиллик алимент пулини олдиндан тўлаш истагини билдирган. Шу муносабат билан 2023 йил 20 декабрда мазкур суд томонидан қарздор отага 5 йиллик алимент пулини олдиндан тўлашга рухсат берилган ва қарздор томонидан жами 110 миллион 506 минг 674 сўм алимент пули тўлаб берилган.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири