Жаҳон тиббиётининг намунавий стандартларини қўллаш, шунингдек, юқори даражадаги хизмат кўрсатиш тизимини жорий этиш мақсадида “Tashkent International Medical Center (TIMC)” кўп тармоқли тиббиёт маркази операцион бошқарувига дунёга машҳур “Acibadem” клиникалар тармоғи (Туркия) жалб қилинди.

Ҳамкорлик бўйича шартнома 2023 йил декабрь ойида TIMC муассиси Бахтиёр Фозилов ва “ACIBADEM Healthcare Group” резиденти Мехмет Али Айдин ўртасида имзоланди.

Жорий йилнинг 9 январь куни “Acibadem” жамоаси лойиҳа устида иш бошлади. Дастлаб тиббиёт ва хизмат кўрсатиш соҳасида замонавий стандартларни ва янги IT-технологияларни жорий этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди. Шартномага кўра, бутун дунёдан нафақат тиббий амалиётни олиб борадиган, балки таълим ривожига ҳисса қўшадиган, кадрларни тайёрлаб, ўқитиб ва малакасини оширадиган шифокорлар ва мутахассислар жалб қилинади.

Тошкент шаҳрида янги клиниканинг очилиши шу йилнинг сентябрь ойида режалаштирилган бўлиб, онкология, орган ва тўқима трансплантацияси, нейрохирургия, роботлаштирилган жарроҳлик ва спорт тиббиёти каби кўплаб йўналишларни бирлаштиради.
Муассислар билан бўлган учрашувда клиника негизида қўшма тиббиёт университетини ташкил қилиш ҳам муҳокама қилинди. Бу ерда талабалар замонавий симуляция марказлари имкониятларидан фойдаланган ҳолда илғор ўқув дастурлари асосида таълим олади.

Пойтахтда тиббий хизматни такомиллаштириш билан бир қаторда, қолган вилоятларда ҳам ушбу клиникалар тармоғини очиш режалаштирилган. Бу аҳолининг арзон ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиши учун яхши имкониятдир.

ТИМC клиникаси “ACIBADEM Healthcare Group” билан ҳамкорликни танлагани бежизга эмас. Чунки ушбу тиббий ташкилот дунёдаги иккинчи йирик тиббиёт муассасалари тармоғининг бири ҳисобланиб, Туркиянинг ўзида тиббий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида етакчилардан биридир.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири