“Коррупцияга қарши курашиш виртуал платформаси”ни ишга тушириш лозим

303

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссияси томонидан “Коррупцияга қарши курашишда парламентнинг роли: 2024 йилдаги устувор вазифалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

– Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсати коррупциянинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки унинг олдини олишга қаратилган превентив чора-тадбирларнинг амалга оширилаётгани билан аҳамиятлидир, – деди қўмита раиси Ж.Ширинов. – Соҳада олиб борилган ишлар натижасида 2022 йил учун “Transparency International» халқаро ташкилотининг “Коррупцияни қабул қилиш” индекси янги рейтингида Ўзбекистон 14 поғонага кўтарилиб, индекс баҳосида қаторасига 9 йил давомида барқарор ўсишига эришилди. Қайд этиш лозимки, коррупцияга қарши курашиш борасида устувор вазифаларнинг ижросини таъминлашда парламент ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Қонун ижодкорлиги ва парламент назорати орқали коррупцияга қарши самарали кураш олиб борилади. Ўтган даврда коррупциянинг олдини олиш борасида олиб бораётган ишлар ҳолати юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.

Таъкидланганидек, коррупцияга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларга қарамасдан, бюджет маблағларидан фойдаланиш, давлат харидлари, капитал қурилиш, лицензия ва рухсатномаларни олиш, банк кредитларини ажратиш, ишга қабул қилиш каби йўналишларда коррупция ҳолатлари ҳамон сақланиб қолиняпти. Шунинг учун Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий стратегияни қабул қилиш ишларини якунига етказиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги коррупциявий омилларни бартараф этиш ва бошқа зарур чораларни кўриш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш соҳасида илмий, услубий ва амалий ишланмаларни тарқатиш, эришилган ютуқлар ва тажриба билан алмашиш, давлат хизматчилари ва фуқароларнинг ушбу борадаги билимларини оширишда фойдаланишга мўлжалланган ягона интерактив майдонча – “Коррупцияга қарши курашиш виртуал платформаси” лойиҳасини ишга тушириш кераклиги қайд этилди.

Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган Давлат дастурида белгиланган бандлар ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилиши лозимлиги қайд этилди.

М.Комилова, ЎзА