Халқаро Паралимпия қўмитаси пара енгил атлетика бўйича 2024 йилда ўтказиладиган мусобақалар тақвимини эълон қилди. Унга кўра, жорий йилда 7 та халқаро Гран-при ҳамда 1 та жаҳон чемпионати ташкил этилади.

Мавсум 11-14 февраль кунлари Дубай шаҳрида ўтказиладиган Гран-при мусобақасидан бошланади. Шунингдек, март ва июнь ойларига қадар Тунис, Италия, Мексика, Марокаш, Швейцария ва Франция мамлакатларида ўтказилади.

Жаҳон чемпионатига 17-25 май кунлари Япониянинг Кобе шаҳри мезбонлик қилади.

***  

Ўзбекистон сузиш федерацияси 2-18 февраль кунлари Қатарда ўтадиган сув спорти турлари бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этадиган спортчилар рўйхатини эълон қилди. Мазкур мусобақада Элдор Усмонов ва Илья Сибирцев сузиш, Игорь Мялин ҳамда Вячеслав Качанов сувга сакраш, Зиёда Тошхўжаева, Диана Онкес, Анна Вашенко эса синхрон сузиш йўналишларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.

 *** 

Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг янги мавсумига тайёргарлик кўраётган “Динамо” жамоаси “Олимпик” клубига қарши назорат ўйинида майдонга тушди.

Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмаган бўлса, иккинчи бўлимда Дилшод Раҳматуллаев ва Баҳодир Насимовнинг голи эвазига “Динамо” клуби 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

“ОКМК” жамоаси бўлажак мавсум олдидан селекция ишларини жадаллик билан олиб бормоқда ва клуб таркибдаги шартномаси тугаган футболчилар билан ўртадаги битимни узайтириш борасида музокараларга кирди. Бунинг самарасида Дилшодбек Аҳмадалиев билан икки йилга клуб шартномани узайтирди.

Бу йил ўз олдига Суперлига йўлланмасини қўлга киритишни мақсад қилган “Қўқон-1912″ жамоаси навбатдаги маҳоратли футболчи билан шартнома имзолади. Ўтган мавсум “Турон” сафида ҳаракат қилган Аслиддин Тоштемиров янги мавсумда қўқонликлар шарафини ҳимоя қиладиган бўлди.

***

Осиё чемпионлар лигасининг плей-офф босқичи ўйинларининг бошланиш вақтлари эълон қилинди. Унга асосан “Насаф” ва “Ал-Айн” учрашуви 14 февраль куни соат 19:00, жавоб ўйини эса 21 февраль соат 20:00 да бошланади. Шунингдек,“Навбаҳор” ва “Ал-Иттиҳод” баҳси 15 февраль ва 22 февраль кунлари соат 19:00 да старт олади.

***

Футзал бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Португалияга қарши ўтган ўртоқлик ўйинида 3:3 ҳисобидаги дуранг қайд этилди. Ўйиндаги голларга Леонилдо Инжаи (6,36), Мигел Малхао (15), Аброр Аҳметзянов (11), Аслиддин Самиев (12), Фазлиддин Ботиров (18) муаллифлик қилди.

***

Академик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ҳозирда Туркияда навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда. Машғулотлар 28 январга қадар давом этади. Йиғиндан кўзланган мақсад, апрель ойида Жанубий Кореяда ўтадиган Осиё ва май ойида Швейцария мезбонлик қиладиган жаҳон лицензион турнирига тайёргарлик кўришдир.

 ***

Профессионал боксдаги таниқли промоутерлик компанияларидан бири “Matchroom” ўз боксчилари орасида 2023 йилнинг энг яхшиларини аниқламоқда. Унда уч нафар ўзбекистонлик профессионал боксчилар Шаҳрам Ғиёсов, Муроджон Аҳмадалиев ҳамда Исроил Мадримов “йилнинг энг яхши боксчиси” номинацияда даъвогарлик қилмоқда. Овоз бериш жараёнлари “Matchroom” расмий сайтида якшанба кунига қадар давом этади.

***  

Ҳаваскор боксчиларимиз жорий йилги ўқув-машғулот йиғинини бошлади. Мазкур машғулот йиғини 26 январь кунига қадар ўтказилади. Унда эркаклар бокс терма жамоаси Тошкент вилоятида жойлашган “Янгиобод спорт базаси”да ўқув-машғулот йиғинини ўтказади. Уларга тажрибали мураббий Тўлқин Қиличев устозлик қилади. Йиғин олдинда турган йирик мусобақалар, жумладан, “Париж-2024″ йўлидаги халқаро турнирларга муҳим тайёргарлик босқичини ўтайди.

***  

Ёш умидли шахматчи қизимиз Мафтуна Бобомуродова шахмат тури бўйича аёллар ўртасида Халқаро спорт устаси (WIM) фахрий унвонини қўлга киритди.

 Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА