14 январь – Ватан ҳимоячилари куни

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллигини ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш доирасида Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида “Аскарлар оналарини шарафлаймиз!” мавзусида учрашув ташкил этилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашнинг ҳудудий бўлинмаси аъзолари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари билан ишлаш бўйича мутахассислар иштирок этди.

Тошкент гарнизонидаги ҳарбий қисмлардаги юртимизнинг турли гўшаларидан келган муддатли ҳарбий хизматчилар ҳамда барча ҳудудлардан ота-оналар видеоконференц алоқа тизими орқали онлайн қатнашди.

Учрашувда йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар ўз ота-оналари ва яқинлари билан экран орқали дийдорлашиш бахтига мушарраф бўлди. Қорақалпоғистонлик аскарлар ота-оналари ва яқинларига ҳарбий хизматдаги шарт-шароитлардан сўзлаб, эришаётган ютуқлари билан ўртоқлашди.

Аскарларнинг оналарига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тайёрланган қимматбаҳо совғалар ҳамда ҳарбий округ қўмондонлигининг ташаккурномалари етказилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари