Пентагон раҳбари Ллойд Остиннинг касалхонага тушгани ва бундан Оқ уй маъмурияти кеч хабар топгани АҚШда кўпчилик сиёсатчиларнинг норозиликларига сабаб бўлди. Ллойд Остинда простата саратони аниқланган ва жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Кўпчилик касаллик бошланғич даврида аниқлангани учун унинг тузалиб кетишига катта умид бор дейишмоқда.
Оқ уй расмийларига кўра, АҚШ президенти Жо Байден бир ҳафтадан кўпроқ вақт олдин касалхонага ётқизилган 70 ёшли Пентагон раҳбари Ллойд Остиннинг касаллигидан кеч хабар топган.
Маълум бўлишича, Остин янги йилдан бери касалхонада даволанмоқда. Бундан ташқари, Вашингтон яқинидаги Уолтер Рид ҳарбий госпиталининг ваколатхонаси хабарида айтилишича, Пентагон раҳбарига декабрь ойи бошида простата саратони ташхиси қўйилган.
“Вазир операциядан кейин ўзини яхши сезган ва эртаси куни эрталаб уйига қайтди”, дейилади хабарда. Аммо янги йил куни вазир касаллик асоратлари туфайли яна касалхонага ётқизилган. Шифокорларнинг таъкидлашича, вазир соғлиғининг тўлиқ тикланиши кутилмоқда, аммо бу жараён узоқ давом этиши мумкин.
Остин касаллиги билан боғлиқ бир неча кунлик ноаниқлик мухолифатдаги республикачиларнинг кескин танқидига сабаб бўлди. Ҳатто, бир қатор сиёсатчилар мудофаа вазирининг истеъфосини талаб қилмоқда. Улар Россия-Украина уруши ва Яқин Шарқдаги кескин вазият пайтида Пентагонни ким бошқараётганига ҳайрон бўлишмоқда.
Қўшма Штатларда жамоатчилик юқори лавозимли сиёсатчиларнинг соғлиги ҳақида тўлиқ маълумот олиш одат тусига кирган. Ллойд Остин 2021 йилда ваколат муддати бошланганидан бери Байден жамоаси аъзоси. У Пентагонга раҳбарлик қилган биринчи афро-америкалик бўлди. 2016 йилгача Яқин Шарқда жойлашган АҚШ кучлари қўмондони бўлган. Бу лавозимда у АҚШнинг Ироқ, Сурия ва Афғонистондаги миссиялари учун масъул эди.