Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида– Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Бошқарма бошлиғи И.Арзиев тадбирда таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар талаби асосида Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, шаҳар ва туман бўлимлари иш юритувида бўлган солиқ қарздорлиги, жиноят натижасида мамлакатга етказилган зарарларни, давлат божи ҳамда банкларнинг фойдасига кредит қарздорлигини ундириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбарининг байрам муносабати билан прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига йўллаган табригида қайд этилганидек, бугунги кунда эл-юртимиз прокуратура тимсолида “жазоловчи идора”ни эмас, балки аҳоли ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга кўмаклашадиган, уларнинг дардига шерик, мададкор бўлишга ҳаракат қиладиган халқпарвар тузилмани кўрмоқда. Чунки Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган барча ислоҳотларимизда қонун устуворлигини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Байрам арафасида Президентимизнинг фармонига биноан мамлакатимиз прокуратура органларидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, юртимизда қонунийликни ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жамиятимизда ҳуқуқий маданиятни ошириш йўлидаги ибратли фаолияти учун бир гуруҳ соҳа ходимлари орден ва медаллар билан тақдирланди.
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Венера Ерниязованинг “Дўстлик” ордени билан тақдирланиши ҳам бутун жамоа меҳнатига берилган юксак эътироф бўлди.
Тадбирда байрам муносабати билан бир гуруҳ ходимларга ташаккурномалар топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири