«Чиқинди пули»дан қарздорлар уй ёки машина харид қилолмайди

366

Чиқинди хизматидан қарзи борларга кўчмас мулк ва транспорт воситаси харид қилишда битим тасдиқланмайди. 2024 йил 1 апрелдан бошлаб маиший чиқиндидан қарзи бор шахслар учун кўчмас мулк ҳамда автотранспортлар билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлашга тақиқ ўрнатилади. Улар қарздорликни бартараф этгандан кейингина, битим расмийлаштиришга рухсат берилади. Бундан ташқари, апрель ойидан бошлаб қарзнинг мавжудлиги ёки йўқлиги онлайн тарзда текширилади. Бу таклиф президентнинг 4 январдаги фармони билан маъқулланган.

2025 йил 1 январдан бошлаб чиқинди хизматидан 1 ойлик қарзи бор шахслар электр таъминотига тўлов қилолмайди. Агар ўша хонадонда пули тугаб электр ўчиб қолса, унда токи чиқинди қарзини тўламагунча, электр учун ҳам тўлов қила олмайди. Шу билан биргаликда, электрдан ҳам фойдалана олмайди.

Ушбу тартиб 1-босқичда 2024 йилнинг 1 июнидан пойтахт ва ҳудудлар марказида 6 ойлик қарзи бор шахсларга нисбатан, 2024 йилнинг 1 ноябридан эса бутун республика бўйлаб 3 ойлик қарзи бор шахсларга нисбатан жорий этилади.

Бу чора 2025 йил 1 январдан 1 ойлик қарзи борларга ҳам қўлланади.

М.Эшмирзаева, И.Исматов, ЎзА