Жорий йилда Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган спорт турлари бўйича бир қатор муҳим мусобақалар ўтказилади. Шу билан бирга, Париж шаҳрида XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари ҳам шу йил бўлиб ўтади.
Ана шу тўрт йилликнинг энг муҳим спорт тадбирида иштирок этиш учун айрим спорт турлари бўйича муҳим рейтинг очколари ва йўлланмалар берадиган спорт мусобақалари ўтказилади. Шу сабабли, ўзбек спортчилари мазкур Олимпия ўйинларига максимум равишда йўлланма қўлга киритишни ўз олдиларига мақсад қилганлари табиий.
Ҳозирда спортчиларимиз ўз йўналишлари бўйича нуфузли мусобақаларга давлатимиз раҳбарининг “2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори асосида тайёргарлик кўрмоқда.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистондаги спорт федерация ва ассоциациялари моддий-техник базани мустаҳкамлаш, машғулот ва мусобақаларни замонавий талаблар даражасида ташкил этиш учун шароит яратиш, маҳоратли спортчиларни саралаб бориш тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.
Ўзбекистон спортчилари халқаро мусобақаларга тайёргарликни бир қатор хорижий давлатларда ўтказиб келмоқда. Унда жисмоний, техник ва тактик тайёргарлик машқларида янада тобланмоқда. Шуни таъкидлаш лозимки, спортчиларимиз учун ҳар бир нуфузли мусобақалар олдидан халқаро ўқув-йиғин машғулотлари Ўзбекистон Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия ҳамда Паралимпия қўмиталари, федерация ва ассоциациялар томонидан ташкил этилаётир.
Дзюдо бўйича терма жамоамиз янги мавсумнинг дастлабки кунлариданоқ халқаро ўқув-машғулот йиғинини бошлаб юборди. Терма жамоамиз йиғиннинг илк босқичини Италия мамлакатида ўтказган бўлса, ҳозирда Австрияда машғулот ўтказмоқда. Ушбу йиғиндан сўнг дзюдочиларимиз Германияга йўл олади.
Австрияда ўтаётган йиғинда дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг жами 25 нафар аъзоси ўз маҳоратини оширмоқда. Кун давомида ўтаётган машғулотларда полвонларимиз ўзаро спарринг, янги усуллар ва техник-тактик машқлар бажарган ҳолда жисмоний ҳолатларини яхшиламоқда. Дзюдочиларимиз жорий йилда Гран-при, “Катта дубулға” ва жаҳон чемпионатларида, шунингдек, Олимпия ўйинларида иштирок этади. Шу боис ҳам, Ўзбекистон дзюдо федерацияси ва бир қатор ташкилотлар терма жамоа аъзолари учун барча шароит ва имкониятларни юқори савияда ташкил этмоқда ҳамда спортчиларни юқори спорт формасида ушлаб туриш учун ҳар бир йўналишда тизимли ишларни амалга оширмоқда.
Энди эса 2024 йилда бўлиб ўтадиган халқаро мусобақалар тақвими ҳақида тўхталиб ўтамиз. Бу йилги мавсумни 26-28-январь кунлари Португалиянинг Одивелас шаҳрида бўлиб ўтадиган Гран-при мусобақаси бошлаб беради. Февраль ойида эса дзюдочилар Париж ва Боку шаҳрида ўтадиган “Катта дубулға” турнирларида муҳим рейтинг очколари учун баҳс олиб боради. Мамлакатимиз спортчилари учун энг аҳамиятли мусобақалардан бири 1-3 март кунлари пойтахтимизда ўтадиган “Катта дубулға” турниридир. Унда спортчиларимиз максимал тарзда медаллар ва рейтинг очколарини жамғаришга ҳаракат қилишади. Шунингдек, март ойида Австрияда Гран-при, Грузия ва Туркияда “Катта дубулға” турнири ўтказилади.
Май ойида эса Тожикистонда дзюдочилар Гран-при, Қозоғистонда эса “Катта дубулға” турнирида ўз омадларини синаб кўради. 14-19 май кунлари Абу-Даби шаҳрида катталар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилади. Мазкур чемпионат дзюдочилар учун Олимпия ўйинлари олдидан муҳим тайёргарлик босқичини ҳам ўтаб беради. 28-30 июнь кунлари Мўғулистонда “Катта дубулға” турнири ташкил этилиши белгиланди.
Тўрт йилликнинг энг муҳим мусобақаларидан бири бўлган “Париж-2024” Олимпия ўйинларининг дзюдо бўйича баҳслари 27 июль кунидан бошланиб, 2 августга қадар давом этади.
Жорий йилги мавсумнинг сўнгги мусобақалари сентябрь ва октябрь ойида ўтказилади. Унда Венгрия “Катта дубулға”, Хорватия эса Гран-при мусобақаси мезбонига айланади. 25-29 сентябрь кунлари Туркманистон пойтахтида ўсмирлар ўртасида, 2-6 октябрда эса ёшлар орасида жаҳон чемпионати ташкиллаштирилади. 18-20 октябрь куни Абу-Даби шаҳрида “Катта дубулға” турнири бўлиб ўтади. Фақатгина Исроилнинг Тель-Авив шаҳрида ўтадиган “Катта дубулға” турнирининг ўтказилиш санаси номаълумлигича қолмоқда.
Ўзбек ва дунё дзюдочиларини 2024 йилда нуфузли мусобақалар кутмоқда. Умид қиламизки, бу мусобақаларда ўзбек полвонлари юксак марраларни забт этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА