Бу ташвишли албатта, лекин шундай бўлиши аниқ, дейди олимлар. Шундай касблар борки, улар нейротармоқлар ва бошқа замонавий технологиялар сабабли ўзининг долзарблиги йўқотади.
Нейротармоқлар, Сунъий интеллект хизматлари, катта тил моделлари (LLM) — буларнинг барчаси исталган одамнинг касби-коридан маҳрум қилиши мумкин. IT соҳасидаги ютуқлар туфайли айрим касбларга эҳтиёж қолмайди.
Яқинда Буюк Британия таълим вазирлиги ушбу йўналишда олиб борилган тадқиқот натижаларини эълон қилди.
Тадқиқот маълумотларига кўра, яқин йилларда дунё бўйича иш ўринларининг қарийб 30 фоизини чат-ботлар ва нейротармоқлар эгаллаши мумкин. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, экспертлар 20 та мутахассислик сунъий интеллект туфайли йўқ бўлиш хавфи остида эканини таъкидламоқда.
Булар:
Ҳуқуқшунослар
Адвокатлар
Руҳшунслар
Ҳисобчилар
Иқтисодчилар
Маркетологлар
HR-менежерлар
Муҳандис-қурувчилар
Кредит назоратчилари
Маошлар бўйича менежерлар
Менежер ва харидлар бўйича директорлар
Молиявий менежерлар ва директорлар
Ҳукумат аппаратидаги давлат хизматчилари
Бизнес ва аралаш масалалар бўйича мутахассислар
Мижозлар билан ишлаш бўйича молиявий менежерлар
Бизнес-таҳлилчилар ва менежмент бўйича маслаҳатчилар
Таълим бўйича маслаҳатчилар ва мактаб инспекторлари
Инвестициявий ва молиявий таҳлилчилар/маслаҳатчилар
Бизнес, тадқиқотлар ва бошқарув соҳасида мутахассислар
Бизнес ва молиявий лойиҳаларни бошқариш бўйича мутахассислар
Буюк Британия таълим вазирлигининг фикрича, сунъий интеллект айниқса ҳуқуқ, молия, бошқарув, бизнес ва пиар йўналишларида меҳнат қилаётган минглаб одамларнинг ўрнини эгаллайди.
Ажабланарлиси, ушбу рўйхатга журналистлар, ёзувчилар ва матн билан ишлайдиган бошқа мутахассисликлар киритилмаган. Демак, матн билан ишлаш нафақат алгоритм ва билимни, балки ижодий ёндошувни ҳам талаб қилади.
Жисмоний меҳнат билан боғлиқ касбда ишлайдиганлар хавотир олмаса ҳам бўлади, дейди тадқиқот олиб борган олимлар.
Нейротармоқлар инсонни суратига қараб турган жойини аниқлайди
Стэнфорд университет талабалари PIGEON нейротармоғини яратишди, у GeoGuessr ўйинига ўргатилган. Мазкур ўйин инсонни суратига қараб турган жойини аниқлайди.
PIGEON нейротармоғи бу вазифани инсондан яхшироқ бажариб 95 фоизлик аниқликка эришди, локацияларда атига 40 километрга адашди. У ҳатто GeoGuessrнинг энг зўр ўйинчиси устидан ғолиб бўлди. PIGEON инсондан зўрлигига яна бир далил шуки, у ҳатто кутилмаган ҳолатларни, жумладан, об-ҳаво, тупроқ ва ўсимликларнинг ўзига хослигини ҳам ҳисобга олган.
Муаллифлар нейротармоқни янада чуқурроқ ўрганиш учун «Google Map»дан эмас, балки ўзининг шахсий фотоальбомидан бир нечта расмни ташлаб кўришди. Натижа шу бўлдики, нейротармоқ мазкур сурат қайси штатда олинганини аниқлаб берди.
Тажриба фақат талабалар томонидан амалга оширилган сунъий интеллект модели эди. Агар шундай нейротармоқни ўқитиш учун катта ресурсларга эга бўлган йирик компания яратганда эди, якуний маҳсулот инсоннинг суратига қараб унинг геопозициясини янада аниқ айтиб берган бўларди.
Талабаларнинг таъкидлашича, PIGEON нейротармоғининг жамиятга фойдаси бўлади. Масалан, унинг ёрдамида олимлар архив фотосуратларга қараб жойларни излаб топа олади. Бу айниқса, қадимшунослар учун муҳим. Одамлар бориши зарур бўлган жойни суратини интернет орқали кўргандан кейин қидириб топа олади.
Бироқ Америка фуқаролар эркинлигини ҳимоя қилиш иттифоқи вакили Жей Стэнлининг фикрича, ҳукуматлар бундай нейротармоқлардан фуқароларни кузатиб боришда фойдаланиши ҳам мумкин.
Тез орада ТВ бошловчилари ўрнини сунъий интеллек эгаллайди
2024 йилда янги глобал ахборот тармоғи, “Channel 1” канали ишга тушади ва янгиликлар бутунлай сунъий интеллект томонидан яратилган бошловчилар томонидан ўқилади.
“Channel 1” каналининг фотореалистик янгиликлар бошловчилари бутунлай бошқача кўринишга эга, деб ёзади “Nеw Аtlas”. Уларнинг барчаси ҳар қандай тилда гаплашиши мумкин. Улар ҳатто янгиликларга оид ҳазиллар қилишга қодир. Ушбу канал бутунлай шахсийлаштирилган янгиликлар агрегатори бўлади. Бироқ у ўз янгиликларини яратиш учун сунъий интеллектдан фойдаланмайди. Бунинг ўрнига, канал бутун дунё бўйлаб ишончли манбаалардан ҳисоботларни йиғади ва кейин уларни таҳрирланган янгиликларга айлантириб, қайта тўплайди. Хабарлар қизиқарли мавзулар асосида бирлаштирилади. Матн рамкалар ва тасвирлар билан тўлдирилади. Тизим сизга тил ва услубингизни танлаш имконини беради. Умуман олганда, сиз ўзингизнинг шахсий телеканалингизга эга бўласиз.
Робот ит 100 метрга югуришда янги рекорд ўрнатди
“HOUND” кучукчаси Кореянинг илғор фан ва технологиялар институти (KAIST)нинг роботларни лойиҳалаш ва бошқариш лабораториясида тайёрланди. 45 килограммли “тўрт аёқ” тўхтаб турган жойидан старт олиб, 19,87 сонияда 100 метрни босиб ўтди. Ўртача тезлик 18,12 км/с ни ташкил этди, деб ёзган “New Atlas” нашри.
Механик ит тез ҳаракат қилиш учун яратилган. У шунингдек, майса устида югуриши, катта масофани босиб ўтиши ва 22 даражадаги қияликка кўтарилиши мумкин.
Умуман олганда, “HOUND” югуриш бўйича илк рекордчи робот эмас. 2012 йилда “Cheetah DARPA” деб ном олган тўрт аёқ робот ҳам қуриқликда йигирма метрлик масофага югуриб, тезлигини соатига 45,5 километрга чиқарган эди. 2022 йилда “Agility Robotics” томонидан яратилган “Cassie” роботи ҳам 100 метрга 24,73 сонияда етиб келиб Гиннесс рекордлар китобига киритилганди.
Tesla Optimus робот одамнинг иккинчи версияси яратилганини маълум қилди
“Tesla” инсон шаклидаги янги “Optimus Gen 2” роботнинг янги авлодини тақдим этди. “Humanbot” 2.0 10 кг га енгилроқ ва эпчилроқ чиқди. У нозик нарсаларни яхшироқ бошқаришни ва роботнинг моторли кўникмалари учун қийин бўлган вазифаларни самаралироқ бажаришни ўрганди. “Optimus”нинг дизайни ҳам ўзгарган. Энди у соддалаштирилган шаклга эга бўлиб, аввалгисидан 30 фоиз тезроқ юради ҳамда ўтириш ва бошқа машғулотларда мувозанатини яхши тутади. Ҳозирданоқ унинг қўлига мўрт ва нозик буюмларни ишониб топширишингиз мумкин, тушириб юбормайди. Ҳар ҳолда видеороликда робот товуқ тухумларини тушириб юбормади.
Илон Маск яқинда “Optimus Gen 2” дан электромобилларида фойдаланишни бошлашини айтган. Ишланма фойдалилигини исботлагандан кейин, “Tesla” уни бошқа брендларга сотишни режалаштирмоқда.
АҚШда сунъий мия ўстирилди: у ўқийди ва суҳбатни тушуна олади
Илғор технологияларга қарамай, дунёда инсон миясидан ўтиб кетадиган биронта ҳам компьютер йўқ. Олимлар кўп йиллар давомида сунъий орган яратишга ҳаракат қилиб келади, лекин натижа унчалик ижобий бўлмайди. Афтидан, америкалик мутахассислар мақсадга бироз яқинлаша олганга ўхшайди. Индиана университети олимлари инсон миясининг табиий тўқимасини электрон компонентлар билан бирлаштириб, ҳақиқий мия каби ишлайдиган “Brainoware” биокомпьютерини ишлаб чиқаришди.
“Brainoware” бир вақтнинг ўзида ҳисоблаш ва сақлаш вазифасини бажаради. Сунъий мия аллақачон математик муаммоларни ҳал қилиш ва нутқни таний олиш қобилиятига эга.
Олимлар “Brainoware”ни турли тилларда 240 та аудиоёзув билан таъминлашди ва биокомпьютердан тўғрисини топишни сўрашди. Бор-йўғи икки кун ичида қурилма овозларни 78 фоиз аниқлик билан таниб олишни ўрганди.
Ихтирочиларнинг қайд этишича, “Brainoware”ни тўлақонли мия деб аташга ҳали эрта. Бу фақат мия тузилишига тақлид қилиш, аммо тўлиқ орган эмас. Келажакда бундай биокомпьютерли роботлар кучли компьютерлар учун процессорларни алмаштира олади, шунда улар инсон хатти-ҳаракатларини ўрганиши ва тақлид қилиши мумкин бўлади. Ушбу босқичда “Brainoware” сизга ҳақиқий миянинг баъзи жиҳатларини тақлид қилиш имконини беради, бу ўз навбатида, олимларга тирик организмга аралашмасдан нейрон алоқаларни ўрганиш учун қўл келади, дейди ихтиро муаллифлари.
Интернет материаллари асосида С.Раҳимов тайёрлади, ЎзА