Ўзбекистон хорижий матбуот саҳифаларида

“Араб аренаси” (Sanews) электрон нашрида “Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва Ўзбекистон ўртасида Ҳаж ва Умра сафарларини янада яхшилашни давом эттириш тўғрисида битим имзоланди”сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Мақолада Жидда шаҳрида Ўзбекистон делегацияси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра вазирлиги раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтгани батафсил ёритилган.
Қайд этилишича, мулоқотда Ҳаж ва Умра вазири Тавфиқ бин Фавзон Ар-Рабиа, Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин домла Холиқназаров иштирокида ўзаро алоқаларнинг истиқболлари ҳамда “Ҳаж—2024” мавсумини юқори даражада ташкил этиш масалалари муҳокама этилган.
Мақолада Ҳаж ва Умра вазири сўнгги йилларда Ўзбекистон энг яхши натижаларга эришаётгани ва жадал тараққий этаётганини таъкидлаш баробарида аввалги йилдаги Ўзбекистон заминига ташрифи бир умр ёдида қолганини билдирган.
Мулоқот якунида Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ҳаж ва Умра вазирлиги ўртасида муборак сафарларни янада яхшилаш юзасидан келишув имзолангани таъкидланган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА