Судлар раисларининг маҳаллий Кенгашларга ахборот тақдим этиши бекор қилинади

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг йиғилишида “Судлар мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
— Мамлакатимизда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, малакали кадрларни танлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда, — деди Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Шербек Бўронов. — Ушбу қонун лойиҳаси ҳам судлар мустақиллиги кафолатларини тўлақонли таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Янги таҳрирдаги Конституцияда суд ҳокимиятининг мустақил ҳолда иш юритиши ва судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид конституциявий кафолатлар белгилаб қўйилиши суд фаолиятининг самарадорлигини оширишда яна бир муҳим қадам бўлди. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида судлар раисларининг маҳаллий Кенгашларга бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоида бекор қилинаётгани муносабати билан судларга ҳар чоракда ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб бориши белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўлақонли таъминланиши учун кафолатлар янада мустаҳкамланади. Шу билан бирга, судьяларга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишининг олди олиниб, жамиятнинг судлар фаолияти тўғрисида мунтазам ахборот олиб бориши учун қатъий ҳуқуқий асос яратилади.
Муҳокамалар чоғида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан партия позициясидан келиб чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирди. Президентимиз айтганидек, судлар чин маънода адолат масканига айланиши учун судъялар мустақиллигини таъминлаш энг муҳим вазифадир. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса судьялар мустақиллигини ва пировардида самарали одил судловни янада ишончли таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.
М.Комилова, ЎзА