Бангладеш бош вазири ва ҳукмрон “Авами лиг” (Халқ лигаси) партияси раҳбари Шайх Ҳасина якшанба куни мамлакат парламенти сайловида ғалаба қозонди, деб хабар тарқатди “bdnews24” миллий сайлов комиссиясига таяниб.

76 ёшли Шайх Ҳасина 249 минг 965 та овоз олган, унинг энг яқин таъқибчиси Атикур Раҳмон 6 минг 999 овоз билан  кифояланган. Яна бир номзод Махабур Молла 425 овоз олишга муваффақ бўлган.

Дастлабки натижаларга кўра, ҳукмрон партиядан кўрсатилган номзод аксарият сайлов участкаларида етакчилик қилмоқда.

Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, сайловчиларнинг 40 фоизи овоз беришда иштирок этган, лекин бу рақам ўзгариши мумкин, чунки ҳали барча овоз ҳисоблаб чиқилгани йўқ, дейди бош сайлов комиссари Қози Ҳабибул Авал.

“Авами лиг” партияси котибининг ўринбосари Сайим Хон бош вазир партиядошларига ғалабани байрам қилмасликка ва намойиш уюштирмасликка чақирган.

Шайх Ҳасина 2009 йилдан буён Бангладеш бош вазири бўлиб келмоқда. У аввал ҳам 1996 йилдан 2001 йилгача ҳукуматга етакчилик қилган эди.