Жорий йилнинг 12 январь куни Қатарда футбол бўйича Осиё кубоги баҳслари бошланади. Мусобақа бошланиши арафасида бир қатор терма жамоалар ўзаро ўртоқлик ўйинларини ўтказмоқда.

Ана шундай имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубоги старти олдидан Фаластин термасига қарши назорат ўйинини ўтказди. Доҳа шаҳридаги «Ал-Аҳли» клубига қарашли стадионда ўтган ўйиннинг 79-дақиқасида Бобир Абдухолиқов ҳисобни очди ва терма жамоамизнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади. Ўйин ҳар икки терма жамоанинг ўзаро келишувига кўра ёпиқ тарзда ўтказилди.

Терма жамоамизга оид яна бир муҳим хабар, Элдор Шомуродов ҳамон терма жамоамиз таркибидан ўрин олмади ва у Доҳада эмас. Бироқ, терма жамоа мусобақадаги дастлабки ўйинга 6 соат вақт қолгунига қадар якуний таркибни ўзгартириши мумкин.

* * *  

Тошкентнинг «Локомотив» клуби ўтган мавсумда «Андижон» жамоаси шарафини ҳимоя қилган Сардор Абдунабиев билан икки йиллик келишувга эришди. Шунингдек, “ОКМК” клубининг Анзур Исмоилов ҳамда Санжар Турсунов каби футболчилари ҳам янги мавсумда «Локомотив» шарафини ҳимоя қилади. Улар жамоа билан мавсум сўнгига қадар шартнома имзолаган. Шунингдек, «Турон» клуби аъзоси Абдулазизхон Абдурашидов пойтахт жамоаси билан икки йиллик шартнома имзолади.

* * *  

Ҳозирда Фарғонанинг «Нефтчи» клуби янги мавсумга тайёргарлик кўриш мақсадида Туркияда ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда. Ўтган йили  «Нефтчи» икки грузиялик легионери Бачана Арабули ва Гиорги Никабадзе каби футболчиларга маош тўлашда қарздор бўлиб қолган. Шу боис футболчилар пулларини олиш мақсадида ФИФАга мурожаат қилган ва ФИФА мазкур муаммони бартараф этиш учун Фарғона клубига 14 кун муҳлат берган.

Аммо ушбу муддатда қарздорликлар барибир узилмаган. Энди «Нефтчи» ҳар иккала футболчига 2024 йил охиригача маошини беришга мажбур бўлади. Шунингдек, жамоанинг австралиялик ҳимоячи Томислав Мрчела олдида ҳам қарзи бор ва Мрчела ФИФАга мурожаат қилиб бўлган. Агар ФИФА берган муддатда ўтган йилги қарздорлик бартараф этилмаса, «Нефтчи» Мрчелага ёзгача маошини тўлашга мажбур бўлади.

* * *  

Европада футбол бўйича мусобақалар қизғин паллага кирмоқда. Аниқроғи, Испания кубогининг 1/16 босқичида «Барбасто» – «Барселона» учрашуви ўтказилди. Унда каталонияликлар 2:3 ҳисобида зафар қучди ва «Барселона» Испания кубоги 1/8 босқичига йўл олди.

Франция кубоги 1/32 босқичида “Ревел” ўз майдонида “ПСЖ”га 0:9 ҳисобида мағлубиятга учради. Ушба йирик ғалабадан сўнг парижликлар Франция кубогининг кейинги босқичига йўл олди.

Англия кубогининг учинчи босқичида “Арсенал” ва “Ливерпуль” баҳси бўлиб ўтди. Унда “Ливерпуль” 0:2 ҳисобида зафар қучди ҳамда Англия кубоги кейинги босқичига йўл олди.

* * *  

Бугун, 8 январь куни Австралиянинг Мельбурн шаҳрида теннис бўйича “Катта дубулға” туркумига кирувчи “Australian Open-2024” турнири бошланади. Унда мамлакатимиз шарафини аёллар ўртасидаги баҳсларда Нигина Абдураимова ҳимоя қилади.

 

Нигина мусобақанинг яккалик баҳсларини саралаш босқичидан бошлайди. Қуръа натижасига кўра, мамлакатимизнинг биринчи теннисчиси илк даврада бразилиялик Лаура Пигоссига қарши кортга чиқади. Нигина ва Лаура баҳси ғолиби кейинги босқичда Яна Фетт (Хорватия) – Доминика Салкова (Чехия) учрашувида зафар қучган теннисчи билан рақобатлашади.

Эслатиб ўтамиз, “Australian Open 2024” турнирининг умумий мукофот жамғармаси 59,1 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.

* * *  

“UzChess” платформаси Нодирбек Абдусатторов 2023 йил якунига кўра қанча мукофот пули ишлаб топганини маълум қилди. Платформа маълумотига кўра, Нодирбек 2023 йилда жами 12 та турнирда иштирок этиб, 190 минг 173 АҚШ доллари миқдорида мукофот пулини қўлга киритган.

* * *  

Хабарингиз бор, дзюдо бўйича терма жамоамиз янги мавсумдаги илк халқаро ўқув-машғулот йиғинини Европа қитъасида ўтказмоқда.

Терма жамоамиз йиғиннинг илк босқичини Италия мамлакатида ўтказди. Унда дзюдочилар жисмоний ҳолатни бир маромда ушлаб турувчи машқлар билан бир қаторда, техник ва тактик усулларни ўргандилар. Мазкур давлатдаги йиғин якунланди ва полвонларимиз Австрияга йўл олди. У ерда ҳам машғулотлар давом этади.

Австриядаги машғулотлар 15 январга қадар давом этади. Кейин дзюдочиларимиз Германияга боради.

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА