Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм ва муассасаларга бириктирилган бўш ерлардан унумли фойдаланиш, тадбиркорлик фаолиятини кенг татбиқ этиш мақсадида деҳқончилик, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик, учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Жумладан, Шимоли-ғарбий ҳарбий округдаги ҳарбий қисм ва муассасаларда шахсий таркибнинг овқатланиш рационини витаминларга бой бўлган сифатли ҳўл мева, сабзавот, гўшт ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида ёрдамчи хўжаликлардан унумли фойдаланилмоқда.
Гарнизондаги ҳарбий қисмлардан бирининг моддий таъминот бўлинмасида илгари бўш турган унумсиз ернинг 30 сотихида 2022 йилда иссиқхона қурилгани сабзавот ва анвойи гуллар етиштириш, уларни сотиш бўлинманинг моддий даромадини кўпайтиришга хизмат қиляпти.
Иссиқхона қурилган ер унумсиз қумлик ердан ташкил топиб, ундан умуман фойдаланилмай келинган. Ернинг унумдорлигини ошириш мақсадида ўғитлар билан бойитилган унумли тупроқ олиб келиниб, ундан кейингина экин экилиши синовдан ўтказилган эди. Айтиш керакки, ўтган йили экилган саккиз минг туп бодринг кўчатидан мўл ҳосил олинди. Экинларни томчилатиб суғориш тизими эса сувни тежаш ҳамда етарли миқдорда намликни сақлашда самарали бўлмоқда. Бу йилги мавсумда эса 7 мингдан зиёд помидор кўчати ўтқазилиб, мавсум бошланганидан бери помидорнинг 4 та теримидан жами 6 тоннага яқин ҳосил йиғиштирилди.
2023 йилда ҳарбий шаҳарча ҳудудидаги яна 30 сотихдан зиёд бўш турган ер майдонида бунёд этилган иссиқхонада ҳам экилган бодринг кўчатлари ҳосилга кирди. Бу йил ҳосилдан унумли даромад олиш режалаштирилган бўлиб, ҳозир 2 тоннадан ортиқ бодринг териб олинди.
Иссиқхонада экилган экинларни парваришлаш ҳамда етилиб пишган ҳосилни териш учун алоҳида ёлланма ишчи кучидан фойдаланилмоқда. Асосийси, сабзавотлар савдосидан тушаётган даромаднинг барчаси ҳарбий қисм ва муассасаларни ривожлантириш, ҳарбий хизматчиларга субсидия асосида кредитлар ажратиш, шахсий таркиб овқатланиш рационини яхшилашга йўналтирилмоқда. Қолаверса, етиштирилаётган мева ва сабзавотлар ҳарбий хизматчилар оила аъзоларига арзонлаштирилган нархларда тақдим этиляпти.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири