Номофобия – аср вабоси (+видео)

434

Бугун кўпчилик “Номофобия” касалига йўлиққан. Номофобия сўзи – (Nomophobia – no mobile phone phobia) инглизчадан олинган бўлиб, ўз телефонидан узоқлашишдан қўрқиш маъносини беради. Фобия, яъни қўрқув касалликларининг оммабоп тури. Даволаш мумкин бўлган хасталиклардан ҳам хавотирлироқ бу янги касаллик аср вабоси деб тан олинган.

Психологлар номофобияни гиёҳвандлик ёки спиртли ичимликларга қарамлик билан тенг деб тан олишмоқда. Шунинг учун дунёнинг кўплаб давлатларида бу касалликни аниқлаш ва даволаш устида аллақачон ишлар олиб борилмоқда.

Бугун дунё бўйича 7,2 миллиарддан ортиқ одам ўз мобил телефонига эга. Бу дунё аҳолисининг 91 фоизини ташкил қилади. Гаджетлар шу даражада оммалашдики, кичик ёшдаги болалар ҳам ота-онасининг телефонидан чексиз равишда фойдаланмоқда.

Саудия Арабистони ва Иорданияда ўтказилган тадқиқот натижасига кўра, бу икки давлат аҳолисининг 51 фоизидан ортиқроғида телефонга қарамлик ташхиси қўйилди. 5191 киши иштирок этган сўровноманинг 26 фоизида иштирокчилар телефонсиз қолиш қўрқуви билан яшаётганини ва бундан даволаниш истагини айтишган.

Буюк Британияда эса аҳолининг 53 фоизи номофобиядан азият чекишади. Бразилияда бу тадқиқот ўтказилганда иштирокчиларнинг 68 фоизида смартфонларга қарамлик аниқланган. Натижалар аёлларга нисбатан эркакларда мобил телефонларга боғланиб қолиш ва номофобия хавфи юқорироқ эканлигини исботлаган.

Тадқиқотларга кўра, одам ўртача ўйин, ижтимоий тармоқ ва бошқа иловаларга кунига 4 соат вақт сарфлайди. Бу ҳафтасига 28 соат дегани. Ўртача фойдаланувчи кунига телефонини 2617 мартта телефон экранидан фойдаланади. Сўровномага кўра 18–29 ёшли смартфонлар эгаларининг 22 фоизи ўз телефонини, соатига бир неча марта кўздан кечиради.

Дунё мамлакатларини хавотирга солаётган бу ҳолат ҳақида Ўзбекистонда ҳали бирор тадқиқот ўтказилмади. Бир вақтлар газета ёки китобни кўп ўқиш ҳам кўзга зарарли ҳисобланган. Лекин бугунги кун муаммолари олдида у ҳадиклар ўйинчоқ бўлиб қолди.

Инсон газета ўқиганида одатда газетани 40 см масофада ушлайди. Компютерда ишлаганидан эса 60-70 см масофа сақлайди. Телефонда эса бу рақам 20-30 сантиметрга тушади ва хавфли тус олади.

Сўнгги 20 йил статистикаси шуни кўрсатмоқдаки, Европанинг аксарият давлатлари орасида болалар шапкўрлиги бир ярим баробарга ортган. Айниқса, 14-29 ёш оралиғидаги ёшлар ҳар куни (!) камида 274 минутларини мониторга тикилиб ўтказмоқдалар. Арзимас туюлиши мумкин, аммо бу бир ҳафта, ой ёки йилга кўпайтирилса, қанча муддатга айланишини билиш қийин эмас ва бу вақтнинг ҳаммаси кўзга бевосита зўриқиш беради.

Қарамлик қурбони нафақат кўзларимиз, балки миямиз ҳамдир. Хитойлик олимлар томонидан олиб борилган тадқиқотда смартфонларга қарам одамлар миянинг когнитив функциялар, ижодкорлик, ақлий мослашувчанлик ва маълумотни идрок этишда равонлик учун масъул бўлган камроқ фаол қисмлари борлигини аниқлади. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, смартфонга қарам бўлган иштирокчилар равонлик, мослашувчанлик ва фикрнинг ўзига хослиги бўйича пастроқ балл олган.

Инсон бутун ахборотнинг 80 фоизини кўриш орқали олиши аллақачон исботини топган. Баҳоси йўқ бу аъзомизнинг аҳамиятини ҳис қилиш жуда осон – кўзингизни бир дақиқага юминг ва бирор ишни бажаришга уриниб кўринг. Йўқотишни бутун танангиз билан ҳис эта олган бўлсангиз, бугундан бошлаб ўзингизга кичик бўлсада таъқиқлар қўйинг, маълум бир чегараларни белгиланг. Фарзандларингиз ҳам қанча вақт телефонда вақт ўтказаётганини назоратга олинг. Бизни кузатишда давом этинг. Ўзингиз ва яқинларингизни эътиборсиз қолдирманг.

М.Турдалиева, А.Аҳмедов (видео), ЎзА