Дори-дармон савдоси фақат даромад манбаига айланиб қолмаслиги лозим

250

Иссиқ жоннинг иситмаси бўлади, деганларидек инсон борки, баъзида жони оғриб, дори-дармонга, тиббий воситаларга эҳтиёж сезади. Ўз ўрнида қўлланган ва албатта, сифатли дори воситалари инсон танасига дармон бўлиб, шифо топади.

Юртимизда дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар муомаласи тизимини яхшилаш, аҳоли ва тиббиёт муассасаларини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, маҳаллий фармацевтика тармоғини ривожлантириш, заминимиздаги дармондори ўсимлик ва гиёҳлардан унумли фойдаланиш учун барча қулайликлар яратиляпти.

Ушбу соҳадаги қонунчилик базаси босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда. Хусусан, “Фармацевтика соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, айни пайтда парламент қуйи палатасида маромига етказилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси билан “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ҳамда “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунларнинг айрим нормаларига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Яъни, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатидан рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини йилига камида бир марта тасдиқлаш нормаси ва унга алоқадор бўлган бандлар чиқарилмоқда. Шу билан бирга, рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланишини назарда тутувчи ортиқча бюрократик норма чиқариб ташланмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Аҳолини сифатли ва хавфсиз дори воситалари билан таъминлаш — давр талаби” мавзусидаги семинарда мазкур қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Депутатларнинг фикрича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши соҳадаги айрим такрорланувчи ва бюрократик талабларни бекор қилиш орқали республика аҳолисининг сифатли, хавфсиз, самарадор ва арзон дори воситалари билан таъминлаш даражаси ошишига хизмат қилади. Шунингдек, дори воситалари инсоннинг дардига шифо бўлиши кераклиги, уларнинг соғлиққа хавф, ғирром даромад манбаига айланиб қолишига зинҳор йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида таъкидланди.

М.Комилова, ЎзА