Жорий йилги спорт мавсуми ҳам бошланди. Ушбу йилда бир қатор спорт турлари бўйича ўтказиладиган мусобақалар куни ҳам ойдинлашмоқда. 2024 йилда турли мусобақаларда ўзбек спортчиларини бир қатор жиддий синовлар кутмоқда.

Ана шундай мусобақалар орасида профессионал бокс бўйича ўтадиган жанглар ҳақида ҳам тўхталиб ўтишни лозим кўрдик. Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси 2024 йилда профессионал чарм қўлқоп усталаримиз иштирокида ўтадиган айрим жанглар ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, Отабек Холматов жорий йилнинг 2 март куни вакант бўлиб қолган “WBA” камари учун америкалик Раймон Фордга қарши рингга кўтарилади. Чемпионлик жангига АҚШ мезбонлик қилади. “Top Rank” промоутерлик компанияси 317 минг 500 АҚШ доллари эвазига ушбу жангни ташкил этиш ҳуқуқини қўлга киритган.

Шаҳрам Ғиёсов 24 февраль куни АҚШнинг Орландо шаҳрида ташкил этиладиган бокс оқшомида рингга чиқади. Шу куни унга мексикалик Пабло Сезар Кано рақиблик қилади. Жанг ғолиби “WBА” камари учун расмий даъвогарга айланади.

Шунингдек, Олимжон Назаров ва Абдурасул Исмоилов 13 январь куни Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ташкил этиладиган оқшомда навбатдаги жангларини ўтказади. Ўта енгил вазн тоифасида “WBO Oriental” камари соҳиби Олимжон Назаров хитойлик Вулан Туолехази билан жанг қилса, биринчи ярим ўрта вазн тоифасидаги Абдурасул Исмоиловга яна бир Хитой вакили Вейвей Лиу рақиблик қилади.

Шуни таъкидлаш лозимки, Муроджон Аҳмадалиев камарларини қайтариб олиш учун 2024 йилнинг биринчи чорагида рингга чиқади. Бектемир Мелиқўзиев ҳам жорий йилда чемпионлик камари учун жанг ўтказиши керак бўлади.

Шунингдек, Баҳодир Жалолов, Исроил Мадримов, Шоҳжаҳон Эргашев, Ҳасанбой Дўсматов каби бир қатор боксчиларимиз ҳам профессионал рингда навбатдаги жангларини ўтказиши режалаштирилмоқда ва ушбу жанглар тасдиқланиши билан маълумот берилади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА