Жорий йил 12 январь – 10 февраль кунлари Қатарда футбол бўйича Осиё кубоги ўтказилади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси ва ҳакамларимиз ҳам иштирок этиши ҳақида хабарингиз бор, албатта.
Мазкур мусобақа бошланишидан аввал миллий терма жамоамизга оид айрим маълумотлар билан таништириб ўтмоқчимиз. Осиё кубогида иштирок этадиган терма жамоалар орасида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўртача ёши 26.39 ни ташкил этмоқда ва жамоамиз кубокда иштирок этаётган жамоалар орасида мазкур кўрсаткич бўйича саккизинчи ўриндан жой олди.
Таркибимиздаги энг ёш футболчи Абдуқодир Ҳусанов бўлиб, у ҳозирда 19 ёшда. Энг ёши улуғ футболчимиз эса 33 ёшли Ўткир Юсуповдир. Жамоамизни ташкил этишда миллий чемпионатимиздан энг кўп футболчи “Пахтакор” клубидан чақиртирилди. Аниқроғи, “Пахтакор”дан 7 нафар, “Насаф”дан 5, “Навбаҳор”дан 4 нафар футболчи таркибдан жой олди.
Ўзбекистон терма жамоаси Осиё кубоги финал босқичида 1996 йилдан буён мунтазам равишда иштирок этиб келмоқда. Термамиз мазкур мусобақада 28 учрашув ўтказган бўлиб, уларнинг 13 тасида ғалабага эришган бўлса, 11 маротаба мағлубиятга учраган ва 4 маротаба дуранг қайд этган. Ушбу ўйинларда футболчиларимиз рақиблар дарвозасини 42 маротаба ишғол этган бўлса, ўз дарвозаларидан 47 марта тўп олиб чиққан. Жамоамиз 2011 йилда Қатарда ўтказилган Осиё кубогида энг яхши натижасини қайд этган. Унда вакилларимиз 4-поғонани эгаллаган эди.
Осиё кубоги финал босқичида энг кўп иштирок этган футболчи сифатида дарвозабонимиз Игнатий Нестеров эътироф этилмоқда. У Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 2004, 2007, 2011, 2015 ва 2019 йилларда ўтган мусобақаларда қатнашган. Унинг натижасини қитъамизнинг ҳали бирор бир жамоаси аъзолари такрорлай олмаяпти. Миллий жамоамизнинг Осиё кубокларидаги энг яхши тўпурари эса Александр Гейнрих ҳисобланади – 6 гол.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 20 нафар футболчи – Ўткир Юсупов, Абдувоҳид Неъматов, Ботирали Эргашев, Хожиакбар Алижонов, Рустам Ашурматов, Умар Эшмуродов, Ҳусниддин Алиқулов, Шерзод Насруллаев, Абдулла Абдуллаев, Абдуқодир Ҳусанов, Муҳаммадқодир Ҳамралиев, Зафармурод Абдираҳматов, Одил Ҳамробеков, Остон Ўрунов, Ҳожимат Эркинов, Аббосбек Файзуллаев, Жамшид Болтабоев, Диёр Холматов, Бобир Абдихолиқов, Азиз Амоновлар Осиё кубогида илк бор қатнашади.
Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, жамоамиз сафида жами 9 нафар легионеримиз майдонга тушади. Аниқроғи, Жалолиддин Машарипов («Пансерраикос», Греция), Отабек Шукуров («Карагюмрук»), Аббосбек Файзуллаев (ЦСКА, Россия), Рустам Ашурматов («Рубин», Россия), Ҳусниддин Алиқулов («Ризеспор», Туркия), Абдулла Абдуллаев («Хорфаккан»), Абдуқодир Ҳусанов («Ланс», Франция), Игорь Сергеев («Патум Юнайтед», Таиланд) ва Бобир Абдихолиқов («Ордабаси», Қозоғистон) каби иқтидорли футболчилар ўзларининг ёрқин ўйинлари билан мухлисларни қувонтиради.
Дарвоқе, бу йилги Осиё кубогида Аҳрол Рисқуллаев ҳамда Ильгиз Танташев бош ҳакам сифатида, Тимур Гайнуллин ҳамда Андрей Цапенко эса ёрдамчи ҳакам сифатида ишлайди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун ҳар қандай мусобақада муносиб иштирок этмоқда ва номдор термаларга қарши юқори савияда ўйин ўтказаётир. Умид қиламизки, Сречко Катанец қўл остидаги терма жамоамиз 13 йил аввалги каби Қатар майдонларида юксак марралар сари олға борган ҳолда футболимиз тарихида янги саҳифа очади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА