Копенгаген 2024 йилнинг иккинчи чорагида Киевга жанговар самолётлар юбориши кутилмоқда, дея хабар берди Дания мудофаа вазирлиги “Berlingske” нашрига берган маълумотида.

Мамлакатнинг Украинага олтита кўп мақсадли F-16 қирувчи самолётлари топширилиши кечиктирилди. Қироллик мудофаа вазирлиги нашрга хабар беришича, жанговар машиналар Киевга иккинчи чоракда юборилади.

Дастлаб, самолётларни етказиб бериш 2023-2024 йилларга мўлжалланган эди. Айнан шу даврни Дания бош вазири Метте Фредериксен 2023 йил август ойида Украина президенти Владимир Зеленский билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтган эди. Шунингдек, у 2024 йилда саккизта F-16 ва бир йилдан кейин яна бешта F-16 самолётларини Украина томонига топширишга ваъда берган эди.

“Ишларнинг орқага сурилишига сабаб: баъзи зарур шарт-шароитлар, жумладан, украиналик учувчиларни тайёрлаш ҳали бажарилмаган”, деб изоҳлади Дания Мудофаа вазирлиги.

Даниядан ташқари Голландия ҳам Украинага ушбу турдаги 18 та самолётни топшириш ниятида эканлигини билдирган, бироқ қачон эканлигига аниқлик киритмаган. Бельгия ва Норвегия ҳам Украинага берилиши керак бўлган самолётлар сонини кўрсатмасдан, техникаларни Киевга юборишга ваъда бермоқда.